Ёшлар гиёҳвандлик ва коррупцияга қарши
Андижон вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, гиёҳвандлик ва коррупцияга қарши курашиш ғояларини кенг ёйиш, шунингдек, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва жисмоний имкониятларини намоён этиш мақсадида “Биз гиёҳвандликка қаршимиз!” шиори остида умумтаълим мактаблари ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, уюшмаган ёшлар вакиллари иштирокида тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди.
Тадбирлар доирасида ташкил этилган спорт мусобақалари, марафонлар қизғин ва муросасиз баҳсларда ёшлар фаоллик кўрсатди.



Жумладан, Андижон шаҳрида “Биз гиёҳвандликка қаршимиз!” мавзусида ўтказилган расмлар танлови ҳам ана шу йўналишдаги тадбирлардан бири бўлди. Танловда қатнашган ёш мусаввирлар гиёҳвандликка қарши курашиш, тенгдошларини ушбу офатдан асраш масалаларига ижодий ёндашувни, соғлом ҳаётга бўлган муносабатини ўзларининг ранг-баранг асарлари орқали кўрсатиб берди.


Танлов якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Ўтказилган тадбирлар ёшларни фидойи, фаол ва огоҳ бўлишга, гиёҳвандлик, коррупция иллатларига қарши муросасиз курашишга ундади.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзA мухбири.