Ёшлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти билан танишди
Пойтахтимизда Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкентдаги Турин политехника университети “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Бошқарув самарадорлиги агентлигининг Тошкент шаҳар филиали ҳамкорлигида талаба-ёшлар учун очиқ мулоқот ва тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Унда 870 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Учрашув давомида иштирокчиларга “Эл-юрт умиди” стипендиясининг йўналишлари, очиқ танловларда иштирок этиш тартиби, номзодларга қўйиладиган талаблар, ҳужжат топшириш босқичлари ҳамда саралаш мезонлари батафсил тушунтирилди.

Шунингдек, тадбирда Бошқарув самарадорлиги агентлигининг Тошкент шаҳар филиали томонидан давлат хизматига кириш, бу борадаги имкониятлар ва талаблар юзасидан ҳам тушунтиришлар берилди.
Тадбирда қайд этилганидек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 2018-2025 йилларда 2300 нафарга яқин стипендиат дунёнинг 45 та мамлакатига таълим олиш учун юборилган.

Ҳозирда 740 нафардан ортиқ стипендиат дунёнинг топ-300 талигига кирувчи университетларда таҳсил олмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА