Ёшлар беғараз донорлик акциясида иштирок этишди
Сирдарё вилояти Қон қуйиш марказида вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси ташаббуси билан беғараз донорлик акцияси ўтказилди. Ҳар бир топширилган қон — кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиш имконияти. Шу мақсадда кўнгилли ёшлар, маҳаллий ёшлар етакчилари ва фаол аҳоли бир жойга тўпланди, инсонпарварлик ва жамоавий масъулият руҳини намоён этди.
– Қон топшириш — қаҳрамонлик, – дейди Сирдарё вилояти Қон қуйиш станцияси бош шифокори Ҳайдар Саломов. – Топширган қонимиз орқали бошқа бир одамнинг ҳаётини сақлаб қоламиз. Нафақат бугун, балки йил давомида ўтказилган хайрия акциялари давомида донорлардан йиғилган қон компонентлари Сирдарё вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказининг онкогематология бўлимида даволанаётган болаларга ҳамда онкологик касалликлар туфайли Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалида даволанаётган беморларга соғлом ҳаётга қайтиш имкониятини беради. Буни даволаниши қийин, аммо яшаш умидида шифохоналарда ётиб даволанаётган беморлар яхши билишади.

– Бундай акциялар ёшларнинг фаоллиги ва ижтимоий масъулиятини намоён этади, – дейди Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бобуржон Акромов. – Улар нафақат соғлиқни сақлаш соҳасига ўз ҳиссасини қўшмоқда, балки ҳамжамиятда инсонпарварлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу қадамларнинг аҳамияти катта. Ҳар бир донорнинг ҳиссаси кимнингдир ҳаётда яшаб қолиши учун ёрдам беради.


Акциядан олинган қон лаборатория текширувларидан сўнг шифохоналардаги оғир аҳволдаги беморлар, болалар ва кексалар учун тиббий ёрдам сифатида фойдаланилади. Бу хайрли ташаббус нафақат қонга муҳтожлар учун зарур захираларни таъминлайди, балки аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини янада кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири