Жамоат хавфсизлигини таъминлашда “маҳаллабай” ишлаш тизими
Сўнгги йилларда мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш стратегияси тубдан ўзгариб, бу борада янгича ёндашув шаклланди. Илгари асосий эътибор жиноят содир этилганидан кейин унинг оқибатлари билан курашилган бўлса, бугунги кунда унинг эрта олдини олиш, яъни профилактика тизимини кучайтиришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Бу эса жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг энг самарали йўлидир.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, “маҳаллабай” ишлаш тизими жорий этилиб, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, криминоген вазиятга таъсир этувчи омиллар билан ишлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ манзилли ва ҳар чораклик манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
Бу ҳақида пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Кичик Хирмонтепа маҳалласида ташкил этилган давра суҳбатида сўз борди. Тадбирда Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети талабалари, маҳалла фаоллари ва тегишли соҳа вакиллари иштирок этди. Мулоқотда “Кибержиноятчиликка қарши курашиш ва унинг профилактикасини ташкил этиш” ҳамда “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш” мавзуларида фикр-мулоҳазалар алмашилди.
[gallery-28392]
Мутахассислар келтирган маълумотларга кўра, дунёда ҳар йили 500 миллиондан ортиқ кибер ҳужум уюштирилади. Ҳар сонияда 12 нафар инсондан бири кибер маконда содир этилган ҳужумлар қурбонига айланади. Ўзбекистонда сўнгги уч йилда бу турдаги жиноятлар 8,3 бараварга кўпайиб, ҳозирда умумий жиноятчиликнинг қарийб 5 фоизига етгани эса ташвишли ҳолат. Шу боис, аҳоли, айниқса ёшларнинг киберхавфсизлик бўйича билим ва кўникмаларини ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, тадбир давомида иштирокчиларга интернетдан хавфсиз фойдаланиш қоидалари, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш усуллари, шубҳали ҳаволалар ва фирибгарликни аниқлаш бўйича амалий тавсиялар берилди. Шунингдек, миллат генофондини гиёҳвандлик ҳамда наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш, бу борадаги қонунчилик талаблари ҳақида йиғилганларга маълумот берилди.
Ёшларнинг барча саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
– Тадбирда муҳокама қилинган ҳар икки мавзу долзарб ва уларга қарши бирлашиб курашсаккина, натижага эришиш мумкин, - дейди Чилонзор туманидаги Кичик Хирмонтепа маҳалласи раиси Зулфия Аҳадова. – Айниқса, гиёҳвандликнинг ёшлар орасида оммалашиши жуда хавфлидир. Энди савол туғилади: хўш, йигит-қизлар бу иллат таъсирига нега тушиб қоляпти? Фикри ожизимча, айримлар тўқликка шўхлик қилса, бошқалар ўзи билмаган ҳолда алдовлар қурбонига айланиб қоляпти. Ёшларнинг ажал гирдобига тушиб қолишига кўпинча оиладаги муҳит ёки эътиборсизлик сабаб бўлади. Шу маънода бугун муаммонинг оқибатлари билан эмас, балки сабаблари билан курашиш самаралидир. Бу кураш бугунги тадбирда бўлгани каби тарғибот-ташвиқот ва медиа имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали амалга оширилсагина кутилган натижа беради.
Давра суҳбати якунида жамиятимиздаги бошқа масалалар юзасидан ҳам маҳалла фаоллари ва ёшлар мулоқотларини доимий равишда ўтказиб боришга келишиб олинди. Боиси, доимий мулоқот, ўзаро фикр алмашиш ва ҳамкорлик орқали жамиятдаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жамоат хавфсизлигини таъминлаш – бу фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг, ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Маҳалла институти эса бу жараёндаги энг муҳим бўғинлардан бўлиб, унинг фаоллиги ва ташаббускорлиги орқали жиноятчиликнинг олдини олишда юқори самарага эришилади.
Камола Юсупова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА