Ёш хоккейчиларимиз жаҳон чемпионати III дивизионида муваффақиятга эришди
Ҳонг Конгда хоккей бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати III дивизион “Б” гуруҳидан ўрин олган ўйинлар якунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1-ўринни эгаллади.
Ҳамюртларимиз гуруҳ босқичида Люксембург, КХДР, Ҳонг Конг, Мўғулистон, Филиппин жамоалари билан куч синашди.
Қуръа натижаларига кўра, ёш хоккейчиларимиз дастлаб Мўғулистон терма жамоасини 26:1, кейин Филиппинни 28:3, КХДР жамоасини 20:3, Люксембург хоккейчиларини 14:0 кўринишида доғда қолдирди.

“Б” гуруҳидан жой олга сўнгги ўйинда ўзбекистонлик хоккейчи ёшлар Ҳонг конглик рақибларини мухлислари қаршисида 9:4 ҳисобида мағлуб этди.
Бу, кўрсаткич Ўзбекистон хоккей жамоасини 15 очко билан гуруҳда ғолиб чиқишини таъминлади. 2-ўрин 12 очко жамғарган КХДР жамоасига, 3-ўрин эса 9 очко тўплаган Ҳонг Конг хоккейчиларига насиб этди.
Шу ўринда айтиш лозим, жаҳон чемпионати III дивизион “А” гуруҳидан жой олган Таиланд, Туркия, Туркманистон, ЖАР, Босния ва Герцеговина, Мексика жамоалари ўртасида ўтказилган ўзаро ўйинлар натижасида Туркия жамоаси 15 очко билан ғолибликни тантана қилди. 2 ва 3-ўринлар Мексика (9) ҳамда Босния ва Герцеговина(8) жамоаларига тегишли бўлди.
“Б” гуруҳидаги ўйинларда ўз иқтидорини намойиш этган ёш хоккейчиларимиз Вадим Кравченко (35), Василий Жилов(29), Павел Синявский (29), Жавоҳир Расулов(25) III дивизион “Б” гуруҳининг энг яхши спортчилари сифатида эътироф этилди.
Ўз гуруҳида ғолибликни тантана қилган ёш хоккейчиларимиз энди келгуси йил III дивизионнинг “А” гуруҳида иштирок этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА