«Пахтакор» ҳамон пешқадам
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 8-тури ҳам ўз якунига етди. Кутилганидек, мазкур турда «Пахтакор» ва «Нефтчи» клублари ғалаба қозониб, очколарини 21 тага етказган ҳолда биринчи ва иккинчи ўринлардан жой олди.
«Навбаҳор» бу тур якунида 18 очко тўплаб, кучли учликни якунлаб берди. «Бунёдкор» эса 16 очко билан 4, «Бухоро» 14 очко жамғариб, 5-ўринни эгаллади. Шунингдек, “Насаф» ва «Хоразм» 12, «Локомотив» ҳамда ОКМК 11 очкога эга чиқди ва 6-9 поғоналарни банд этди.

Суперлиганинг ўрта поғоналарида «Қизилқум», «Сурхон», «Қўқон-1912», «Андижон», «Динамо» бормоқда. «Сўғдиёна» эса 5 очко билан 15, «Машъал» ўтган барча учрашувларда мағлубиятга учраб, 16-ўриндан жой олмоқда.
Ўзбекистон Суперлигасида 9-тур учрашувлари 22-24 апрель кунлари бўлиб ўтади.
Жумладан, ушбу турнинг илк кунида «Сурхон» — «Машъал» жамоалари соат 18:00 да «Сурхон Арена» стадионида ўйин ўтказса, «Бухоро» — «Пахтакор» баҳси соат 20:15 да «Бухоро ФА» майдонида бошланади. 23 апрель санасида «Насаф» — «Локомотив» (19:00, «Истиқлол»), «Навбаҳор» — «Сўғдиёна» (19:00, «Олимпия»), «Динамо» — ОКМК (20:15, «Динамо») учрашувлари бўлиб ўтади.

Турнинг сўнгги баҳслари 24 апрелда ташкил этилиб, унда «Хоразм» — «Нефтчи», «Қизилқум» — «Қўқон-1912» ва «Бунёдкор» — «Андижон» учрашувларига гувоҳ бўламиз.
Ушбу тур доирасида «Бухоро» — «Пахтакор» ҳамда «Хоразм» — «Нефтчи» баҳслари алоҳида эътибор марказида бўлади. Шунингдек, «Навбаҳор» ва «Бунёдкор» жамоалари ҳам ўз майдонида муҳим очколарни қўлга киритишга интилади.
Айни пайтда «Пахтакор» ҳужумчиси Достонбек Ҳамдамов 6 та гол билан чемпионатимиз тўпурарлари рўйхатида пешқадами бўлиб турибди. «Сўғдиёна» вакили Люпчо Дориев эса 5 та гол билан уни таъқиб қилмоқда.

Темурхўжа Абдухолиқов («Сурхон»), Стефан Чинеду («Нефтчи») ва Стипе Перица («Пахтакор») ҳисобидаги голлар сони 4 тага етган.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, футбол бўйича миллий чемпионатимизни кузатишда водий мухлисларига тенг келадигани топилмаяпти. Бу турда стадионларга ташриф борасида фарғоналик мухлислар етакчи. Аниқроқ айтадиган бўлсак, 8-тур доирасида ўтган «Нефтчи» ва «Насаф» жамоалари баҳсини стадиондан 17 минг 258 нафар мухлис кузатди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА