Ёш тадбиркорлар Cornell профессорларидан таълим олди
Ёшлар ижод саройида Ёшлар ишлари агентлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Янги авлод тадбиркорлари” интенсив таълим дастури бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларни нафақат молиявий рағбатлантириш, балки уларга тизимли бизнес таълимини беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ёшлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.

“Янги авлод тадбиркорлари” таълим дастури ҳам давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 20 апрелдаги «Янги Ўзбекистон ёшлари — 2030» стратегиясини 2026-2027 йилларда амалга ошириш ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган, 2030 йилга қадар 20 мингдан ортиқ (айрим босқичларда 40 минггача) ёшларни тадбиркорликка ўқитиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган йирик давлат дастури. Ушбу интенсив таълим дастури Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда “Ёшлар венчурс” жамғармаси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган дастур доирасида 50 нафар ёш стартап асосчиси Cornell University профессорларидан таълим олди. Иштирокчилар халқаро бозорга чиқиш, бизнесни ривожлантириш ва стартапларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича билим ва тажриба орттирди.

Дастур якунида иштирокчиларга Cornell School of Management томонидан махсус сертификатлар топширилди. Якуний тадбир доирасида очиқ нетворкинг ташкил этилиб, ёш тадбиркорлар ўзаро тажриба алмашиш, янги таниш орттириш ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имкониятига эга бўлди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА