Ишга қабул қилишга оид танловларда шаффофлик ва холислик янада кучайтирилади
Давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилишда номзодларни холис баҳолаш, субъектив ёндашувларни чеклаш ва барча иштирокчилар учун тенг шароит яратиш мақсадида суҳбат босқичининг шаффофлигини таъминлаш механизмлари изчил кучайтирилмоқда.
Суҳбат жараёнида бериладиган саволлар vacancy.gov.uz порталига олдиндан жойлаштирилган бўлиб, ҳар бир номзод учун саволлар махсус рандом тизими орқали автоматик равишда шакллантирилади. Бу суҳбатдан аввал муайян номзодга саволларни етказиш ёки унга бошқа номзодларга нисбатан асоссиз устунлик бериш имкониятини сезиларли даражада чеклайди.
Бундан ташқари, суҳбат жараёни тўлиқ видеоёзувга олинади ва ушбу ёзувлар ташкилотда 6 ой давомида сақланади. Видеоёзувнинг мавжудлиги суҳбатнинг белгиланган тартибда ўтказилганини назорат қилиш, номзодларни баҳолаш жараёнини қайта кўриб чиқиш ҳамда асосли мурожаатлар юзага келган тақдирда, суҳбат жараёнига объектив баҳо бериш имконини яратади.
Шу билан бирга, суҳбат босқичида инсон омилини янада камайтириш, баҳолашнинг объективлигини ошириш ва барча номзодлар учун тенг шароит яратишга қаратилган қўшимча рақамли механизмларни жорий этиш режалаштирилмоқда.
Жумладан, сунъий интеллект асосида баҳолаш. Номзодларнинг жавобларини олдиндан белгиланган компетенциялар асосида автоматик таҳлил қилиш ва баҳолаш механизмлари жорий этилади.
Ягона баҳолаш мезонлари. Барча номзодларда муаммони ҳал қилиш, мулоқот ва жамоада ишлаш каби компетенцияларни аниқлашга қаратилган стандарт саволлар ҳамда ягона мезон ва балл тизими қўлланилади.
Шахсий маълумотларнинг таъсирини чеклаш. Синов тариқасида номзоднинг шахсий маълумотларини баҳолаш жараёнидан чеклаб, натижа фақат унинг касбий билим ва компетенциялари асосида аниқланади.
Мазкур ёндашувлар танлов жараёнида субъектив омиллар таъсирини камайтириш, номзодларнинг билим ва салоҳиятини холис баҳолаш ҳамда давлат хизматига энг муносиб кадрларни танлаб олиш имкониятларини янада кенгайтириб, давлат органлари ва ташкилотларининг танлов комиссиялари масъулиятини янада оширади.
Асосий мақсад – танлов жараёнининг янада шаффоф, холис ва адолатлилигини таъминлаш, давлат хизматида меритократия тамойилини мустаҳкамлаш ва ҳар бир номзод учун тенг имконият яратишдир.
Н.Абдураимова, ЎзА