Ёш қутқарувчилар сараланди
Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида “Ёш қутқарувчи – 2024” мусобақасининг республика босқичи ғолиблари тақдирланди.
Икки кун давом этган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг профессионал таълим ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчиларидан тузилган 28 та жамоа белгиланган шартлар асосида ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.
Қизиқарли ва муросасиз баҳслар асосида ўтган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, профессионал таълим мактаблари жамоалари ўртасида биринчи ўринни Андижон вилояти Пахтаобод тумани 2-сон касб-ҳунар мактабининг “Темурийлар” жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўрин Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги 1-касб-ҳунар мактаби жамоасига, учинчи ўрин эса Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги 1-сон касб-ҳунар мактабининг “Жасорат” жамоасига насиб этди.
[gallery-17647]
Умумтаълим мактаблари жамоалари ўртасидаги мусобақаларда 1-ўринга Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги 31- умумтаълим мактабининг “Жайхун” жамоаси сазовор бўлди. Мусобақада иккинчи ўринни Андижон вилояти, Асака туманидаги 25-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг “Бобурийлар” жамоаси, учинчи ўринни эса Навоий вилояти, Навоий шаҳридаги 1-умумтаълим мактабининг “Қутқарувчи” жамоаси қўлга киритди.
Ғолиб, совриндор ва барча иштирокчи жамоаларни Андижон вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Ботиржон Ашуров табриклади.
Ғолиблар тегишли медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари