Ёш офицерлар осойишталик йўлида садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилди
Ички ишлар органларини замонавий билим ва юксак касбий салоҳиятга эга, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган кадрлар билан таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Ана шу эзгу мақсадлар Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясини муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга махсус унвон бериш ҳамда ички ишлар органлари ходимининг хизмат қасамёдини қабул қилишга бағишланган тантанали маросимда яна бир бор ўз ифодасини топди.
Маросимда кадрлар тайёрлаш тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, таълим жараёнининг замонавий талаблар асосида такомиллаштирилгани ҳамда назария ва амалиёт уйғунлиги ўз самарасини бераётгани таъкидланди.

Қайд этилганидек, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ҳуқуқий билим билан бир қаторда юксак масъулият ҳиссига эга, мустақил қарор қабул қила оладиган ва замонавий таҳдидларга муносиб жавоб берадиган офицерларни тайёрлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Битирувчиларга «лейтенант» унвони тантанали равишда топширилди. Таъкидланганидек, мазкур унвон давлат ва халқнинг юксак ишончи, қонунга садоқат ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги катта масъулият тимсолидир. Энди ёш офицерлар зиммасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамиятда қонунийликни мустаҳкамлашдек шарафли вазифалар турибди.

Хизмат қасамёдининг қабул қилиниши ёш офицерлар учун Ватанга садоқат, халқ ишончини оқлаш ва хизмат бурчини виждонан адо этишга берилган ҳаётий аҳд сифатида эътироф этилди.
Ички ишлар органлари сафига қўшилган янги авлод офицерлари юртимизда қонун устуворлиги, жамоат хавфсизлиги ва халқ осойишталигини таъминлаш йўлида муносиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Н.Абдураимова, ЎзА