Жиззахда замонавий инфратузилма сари янги қадам
Жиззах вилоятида аҳоли учун хавфсиз ва қулай яшаш муҳитини яратиш, транспорт инфратузилмасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган йирик лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда. Бу жараёнлар нафақат ҳудуднинг ташқи қиёфасини янгиламоқда, балки фуқароларнинг кундалик ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган муҳим ижтимоий вазифаларнинг амалий ечимига ҳам хизмат қилмоқда.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан фойдаланишга топширилиши режалаштирилган қатор объектларда қурилиш ишларининг бориши Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев томонидан ўрганиб чиқилди. Бу ўрганишлар жараёнида Жиззах шаҳрида қурилаётган ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги, шунингдек, Шароф Рашидов туманида капитал таъмирланаётган йўл ўтказгичида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди. Масъуллар иштирокида қурилиш суръати, сифат кўрсаткичлари ҳамда белгиланган муддатларда битказилиши атрофлича муҳокама қилинди.

Жиззах шаҳрининг Шароф Рашидов шоҳ кўчаси ва Буюк Турон кўчаси кесишмасидаги серқатнов чорраҳада узунлиги 160 метр бўлган замонавий ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги барпо этилмоқда. Лойиҳани амалга ошириш учун 2026 йилда 28 миллиард 175 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари “МегаТекИнжиниринг” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, қурилиш ишларини “Камолиддин Файз Барака” МЧЖ амалга оширмоқда.
Ҳозирга қадар мазкур иншоот учун 7 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, шундан 6 миллиард 968 миллион сўми молиялаштирилди. Пудратчи томонидан эса 8 миллиард 63 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.

Қурилиш майдонида ер ости муҳандислик-коммуникация тармоқларини кўчириш ишлари тўлиқ якунланган. Шунингдек, котлован қазиш, пойдевор учун арматура каркасларини ўрнатиш ва бетонлаш ишлари ҳам бажарилди. Айни вақтда барча ишлар тасдиқланган режа асосида жадал суръатларда давом эттирилмоқда.
Ушбу ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги ишга туширилгач, серқатнов чорраҳада пиёдалар хавфсизлиги сезиларли даражада яхшиланиши, транспорт оқими янада самарали ташкил этилиши ҳамда тирбандликларнинг камайиши кутилмоқда.

Вилоятда давлат аҳамиятига эга автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни янгилаш ишлари ҳам кенг қамровда давом этмоқда.
Лойиҳа доирасида кўприк иншоотининг мустаҳкамлигини ошириш, унинг хизмат муддатини узайтириш, транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда замонавий муҳандислик стандартларига жавоб берадиган инфратузилмани шакллантиришга устувор аҳамият қаратилган.

Йўл инфратузилмасини ривожлантириш билан бир қаторда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам изчил давом этмоқда. Жумладан, Д-047 автомобиль йўлидаги Навбаҳор айланма кўприги атрофида ташкил этилаётган яшил ҳудудда қарийб 30 гектар майдонга 10 га яқин турдаги 35 минг тупдан ортиқ манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилиб, уларни мунтазам парваришлаш ишлари олиб борилмоқда.
Кўчатларнинг яхши ўсишини таъминлаш мақсадида ерларни юмшатиш, бегона ўтлардан тозалаш, суғориш ариқларини барпо этиш, зараркунанда ва ҳашаротларга қарши профилактик ишлов бериш ҳамда томчилатиб суғориш тизими орқали мунтазам суғориш ишлари ташкил қилинган.

Яшил ҳудудни сақлаш ва парваришлаш ишларига 40 нафар ишчи жалб этилган бўлиб, улар томонидан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари узлуксиз давом эттирилмоқда.
Ўрганиш якунида вилоят ҳокими барча объектларда қурилиш ишларини белгиланган муддатларда, юқори сифат билан якунлаш, қурилиш маданияти талабларига қатъий амал қилиш ҳамда ҳар бир лойиҳанинг аҳоли манфаатларига хизмат қилишига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Жиззах вилоятида амалга оширилаётган мазкур инфратузилма лойиҳалари ҳудуднинг замонавий қиёфасини шакллантириш, транспорт тизими самарадорлигини ошириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли учун янада қулай ҳаёт муҳитини яратишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Шу билан бирга, бундай лойиҳалар иқтисодий фаолликни рағбатлантириш, ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва мамлакатда барқарор инфратузилма ривожини таъминлаш йўлидаги амалий саъй-ҳаракатларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари