Янги Наманганда Шимолий айланма йўл реконструкция қилинмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Янги Наманган тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р-117 Шимолий айланма автомобиль йўлида кенг кўламли қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда мазкур йўлнинг Чортоқ йўналишидаги 29–35-километрлар оралиғида реконструкция ишлари давом этмоқда.
Лойиҳага мувофиқ, умумий узунлиги 6 километр бўлган ушбу йўл участкаси 6 полосали қилиб кенгайтирилмоқда. Шунингдек, ҳудуддаги ирригация тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, пиёдалар учун замонавий ва хавфсиз йўлакчалар барпо этиш ҳамда тунги ёритиш тизимини ўрнатиш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.
[gallery-30283]
Маълум қилинишича, лойиҳа учун жами 87 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Қурилиш жараёнига 20 та махсус техника ва 65 нафар ишчи-ходим жалб этилган.
Хусусан, 4Р-117 автойўлининг 29–35-километр қисмида «Ровистон қурилиш» МЧЖ томонидан қайта таъмирлаш ва асфальтлаш ишлари олиб борилаётир. Унда 9 та махсус техника, 16 та асфальт ташувчи юк автомобили ва 17 нафар ишчи иштирок этмоқда. Ҳозирда йўл қопламасини 12 сантиметр қалинликда зичлаш, шунингдек, 7 сантиметр қалинликда асфальт ётқизиш ишлари бажарилаяпти.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, реконструкция ишлари якунига етгач, йўлнинг ўтказувчанлик қобилияти сезиларли даражада ошади, транспорт ҳаракати енгиллашади ва ҳаракат хавфсизлиги янада мустаҳкамланади. Бу эса аҳоли учун қулай ва замонавий йўл-транспорт инфратузилмасини шакллантиришга хизмат қилади.
Ҳудудда амалга оширилаётган бундай кенг қамровли ишлар транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолига муносиб шароит яратиш ҳамда ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА