Ёш экологларнинг билимлари бойитилди
Бугунги кунда аҳоли, айниқса, ёшларнинг экологик маданиятини ошириш, бу борадаги билим ва кўникмаларини бойитиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки ҳаётимизда, кундалик турмушимизда турли экологик муаммолар хавфи ортиб бораётган айни пайтда аҳоли вакилларининг табиатга муносабатини ижобий томонга ўзгартириш, экологияга нисбатан масъулиятини ошириш муҳим.
Бу борада Ўзбекистон Экологик партияси "Ёш экологлар" қаноти ташаббуси билан йўлга қўйилган "Эко волонтёрлар" лойиҳаси доирасидаги тарғибот-тушунтириш ишлари ёш йигит-қизларнинг атроф-муҳитга нисбатан меҳри ва масъуллигини ошириш, экологик маданиятини юксалтиришга хизмат қилиб келмоқда.
Лойиҳанинг иккинчи мавсуми доирасида партия Марказий кенгашида навбатдаги амалий машғулот ўтказилди. Тадбир давомида иштирокчилар Ўзбекистондаги экологик муаммолар, уларни ҳал этишда жамоат ташкилотларининг ўрни, шунингдек, экология ва инсон саломатлиги ўртасидаги узвий боғлиқлик ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлди.

"Ekolog.uz" раҳбари, таниқли экожурналист Наргиза Қосимова “Эколог” жамоат бирлашмаси экологик муаммоларга қарши қандай кураш олиб бораётгани, бирлашма фаолиятида дуч келинаётган экологик ҳолатлар ҳақида иштирокчиларга атрофлича маълумот берди.
Жонли ва очиқ мулоқот давомида экологик муаммоларга жамоатчилик эътиборини кучайтириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ва бу борада жамоат ташкилотларининг амалий фаолияти ҳақида фикр алмашилди.

Шунингдек, амалий тадбир мобайнида “Саломатлик ва экология: биринчи ёрдам кўрсатиш” мавзусида амалий машғулотлар ўтилди. Тошкент давлат тиббиёт университетининг 6-курс талабалари, "Саломатлик волонтёрлари" координаторлари Илёсбек Тожиалиев ва Абдулазиз Абдуҳамидов иштирокчиларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича зарур маълумот ва амалий тавсияларни берди.
М.Комилова,
ЎзА