Бухородан бошланган дўстлик мулоқоти
Кўҳна Бухоро — асрлар оша Шарқ ва Ғарбни боғлаб келган, турли халқлар ва маданиятлар ўртасида мулоқот кўприги вазифасини бажарган ноёб маскан. Бугун ҳам бу замин ўзининг қадимий обидалари, бой маънавий мероси ва меҳмондўстлиги билан дунёнинг турли бурчакларидан келаётган меҳмонларни ўзига мафтун этмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, дунё мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари ана шу мулоқотлар кўламини тобора кенгайтирмоқда. Давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган тинчликсевар, очиқ ва ўзаро ишончга асосланган ташқи сиёсат тамойиллари мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ортишига, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталари мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
Шундай муҳим мулоқотлар давомида Америка Қўшма Штатларининг Миссисипи штати Миллий гвардияси қўмондони, генерал-майор Бобби Джинн бошчилигидаги делегациянинг Бухоро вилоятига ташрифи ҳам алоҳида аҳамият касб этди.
Ташриф давомида хорижлик меҳмонларга вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров ҳамда тегишли масъуллар ҳамроҳлик қилишди.


Америка делегацияси вакиллари учун Бухоро шаҳри бўйлаб махсус маданий-маърифий саёҳат ташкил этилди.
Меҳмонлар саёҳат давомида минг йиллик тарихни ўзида мужассам этган шаҳарнинг бетакрор қиёфаси билан яқиндан танишдилар. Улар учун ҳар бир кўча, ҳар бир обида, ҳар бир меъморий ансамбль Бухоронинг бой ва серқирра ўтмиши ҳақида ҳикоя қилувчи ўзига хос тарихий манба бўлди. Хусусан, делегация аъзолари Бухоронинг кўп асрлик давлатчилик тарихи, меъморий анъаналари ва маънавий ҳаётининг ёрқин тимсоли бўлган Арк қалъасига ташриф буюрдилар. Асрлар давомида шаҳарнинг сиёсий ва маданий маркази бўлиб келган ушбу муҳташам қўрғон хорижлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Шундан сўнг меҳмонлар Пойи Калон ансамблида бўлишиб, Бухоро меъморлигининг юксак намуналари билан танишдилар. Кўҳна минора ва маҳобатли мадрасалар уйғунлигида намоён бўлган ушбу мажмуа Бухоронинг “Шарқ дурдонаси” сифатидаги шуҳратини яна бир бор намоён этди.
Қадимий савдо тоқлари эса меҳмонларни Буюк Ипак йўли даври муҳитига етаклади. Бир вақтлар турли юртлардан келган савдогарлар учрашган, карвонлар тўхтаб, Шарқ ва Ғарб моллари айирбошланган бу масканлар бугун ҳам ҳунармандчилик, савдо ва миллий анъаналарнинг тирик гувоҳи сифатида қадрланади.


Делегация аъзолари Лаби Ҳовуз ансамблида ҳам бўлиб, Бухоронинг бетакрор меъморий муҳити, қадимий шаҳарсозлик анъаналари ва бугунги сайёҳлик салоҳияти билан танишдилар.
Айниқса, меҳмонларнинг ҳунармандчилик марказларига ташрифи Бухоронинг нафақат тарихий обидалари, балки асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган амалий санъат мактаблари билан ҳам машҳур эканини намоён этди. Миллий нақшлар, кулолчилик, заргарлик, мисгарлик ва бошқа ҳунармандчилик намуналари хорижлик меҳмонларга ўзбек халқининг бой эстетик диди ва яратувчанлик салоҳияти ҳақида янада яқин тасаввур берди.
Бундай ташрифларнинг аҳамияти фақат сайёҳлик билан чекланмайди. Халқлар ўртасидаги яқин мулоқот, бир-бирининг тарихи, маданияти ва қадриятларини англаш ўзаро ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир.
Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бораётган бугунги даврда Бухоронинг халқаро мулоқотлар майдонидаги ўрни ҳам тобора кенгаймоқда. Зеро, бу шаҳарга ташриф буюрган ҳар бир хорижлик меҳмон нафақат қадимий обидаларни кўради, балки ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, бағрикенглиги ва тинчликсеварлик руҳини ҳис этади.


Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда хорижий давлатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, юртимизнинг сайёҳлик ва инвестициявий салоҳиятини дунёга кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бухорога амалга оширилаётган нуфузли хорижий ташрифлар ана шу сиёсатнинг амалий ифодаларидан биридир.
Америкалик меҳмонларнинг Бухорога ташрифи яна бир ҳақиқатни кўрсатди: тарихий мерос — бу фақат ўтмиш эмас. У халқларни бугун ҳам яқинлаштирадиган, янги мулоқотларга йўл очадиган ва келажак ҳамкорликлари учун мустаҳкам пойдевор бўладиган улкан маънавий бойликдир. Минг йиллик тарихга эга Бухоро бугун замонавий Ўзбекистоннинг очиқлиги, яратувчанлиги ва дунё билан ҳамоҳанг тараққиётини намоён этаётган шаҳар сифатида янги қиёфа касб этмоқда.


Кеча карвонлар йўлини бирлаштирган Бухоро бугун халқлар қалбини бирлаштирмоқда. Кўҳна Арк, улуғвор Пойи Калон, сокин Лаби Ҳовуз ва гавжум ҳунармандчилик расталари эса бир тилда — дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ҳурмат тилида сўзлаётгандек.
Зеро, тарихни асраш — ўтмишни ёдда сақлаш бўлса, уни дунёга танитиш — келажакка йўл очишдир. Бухоронинг бугунги халқаро мулоқотларида эса ана шу икки эзгу мақсад уйғунлашиб, кўҳна шаҳарни яна бир бор дунё халқларини яқинлаштирувчи маънавий кўприкка айлантирмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири