Ёш чавандозлар баҳси қизғин ўтмоқда
От спортининг конкур йўналиши бўйича кичик ўсмирлар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати ўтказилмоқда.
Мусобақанинг иккинчи кунги баҳслари “Болалар” тоифасида 110 сантиметрлик тўсиқлар дастурида Абубакир Ҳафизов “Orange White” лақабли оти билан чемпионга айланди. Азиза Убайдуллаева “Chesterman” лақабли тулпорида иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Марям Хидирова “Narletta AV” оти билан учинчи поғонадан жой олди. “Ўсмирлар” тоифасида 125 сантиметрлик тўсиқлардан от сакратишда Абдулборий Адҳамов (“Leffe”), Асадбек Буриев (“Cross”), Ислом Абдукаримов (“Rocco Karlos”) шоҳсупага кўтарилди.
“Ёшлар” тоифасида эса 130 сантиметрлик дастурда Анна Сигидина “Elis G” номли отида мусобақанинг олтин медалига сазовор бўлган бўлса, Фариз Мирсаидов “Casamira” тулпорида кумуш, Жавоҳир Ўринбоев эса “Champion” билан бронза медалини қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА