Ёритгич маҳсулотлари савдосида қонунбузарликлар аниқланди
Тошкент шаҳрида ёритгич маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи "LLL" масъулияти чекланган жамияти фаолиятида истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва техник регламент талабларига зид қатор қонунбузарликлар фош этилди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Тошкент шаҳар бўлими томонидан ўтказилган текширувлар давомида корхона томонидан импорт қилинаётган ва ички бозорда реализация қилинаётган ёритиш мосламаларининг сифати лаборатория шароитида чуқур таҳлил қилинди.
Экспертиза хулосаларига кўра, маҳсулот қадоқларида қайд этилган техник маълумотлар билан уларнинг ҳақиқий кўрсаткичлари ўртасида жиддий тафовутлар мавжудлиги маълум бўлди. Жумладан, маҳсулот ёрлиғида лампанинг қуввати 18 W деб кўрсатилган бўлса-да, амалий синовлар натижасида ушбу кўрсаткич атиги 8–10 W оралиғида экани тасдиқланди.

Бу эса истеъмолчига тақдим этилаётган маълумотнинг қарийб икки баробарга ошириб кўрсатилганидан далолат беради.
Шунингдек, ёритгичларнинг сифати ва самарадорлигини белгиловчи энг асосий мезонлардан бири — ёруғлик оқими (люмен) ҳақидаги маълумотлар қадоқларда умуман акс эттирилмагани аниқланди.
Маҳсулотнинг ранг ҳарорати бўйича ўтказилган ўлчовлар ҳам стандарт талабларига мос келмади; 4000 К кўрсаткичи белгиланган лампаларнинг ҳақиқий ҳолати 3000 К дан 4050 К гача ўзгариб, барқарор сифатни таъминлай олмаслиги кўринди.
Мутахассисларнинг хулосасига кўра, бундай ҳолатлар нафақат амалдаги техник регламент ва стандарт талабларининг бузилиши, балки харидорларни маҳсулотнинг ҳақиқий хусусиятлари борасида чалғитиш деб баҳоланади.
Ҳозирда аниқланган ҳолатлар юзасидан мазкур корхонага нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилиши таъминланмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА