Ватан қаҳрамонлари унутилмайди
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Андижон гарнизони ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари Ватан ҳимояси йўлида мардларча жанг қилиб, бевақт вафот этган ҳарбий хизматчи, марҳум Дониёрбек Тожибоевнинг хонадонида бўлди.
Хотира ва Қадрлаш куни олдидан ҳарбий хизматчилар ҳарбий яшаган Пахтаобод тумани Маданият маҳалласидаги хонадонда отаси Тожибоев Абдумуталиб билан дилдан суҳбатда бўлди, унинг хотирасига эҳтиром кўрсатилди.
[gallery-29141]
Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси, Дониёрбек Тожибоев 2000 йилнинг куз ойида Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида жангарилар билан содир бўлган тўқнашувларда мардларча ҳалок бўлган. Кўрсатган қаҳрамонлиги учун вафотидан сўнг қатор орден ва медаллар билан тақдирланган.
– Ўғлим мард, жасур, ҳақиқий Ватан ҳимоячиси эди. У ҳамиша намунали хизмат қилган, хизматдошларига ибрат бўлган. Чунки у ўзи хизмат қилган қисм раҳбарияти томонидан жуда кўп фахрий ёрлиқ, ташаккурномалар билан тақдирланган. Тақдир экан, ўғлим бугун орамизда йўқ, лекин унинг Ватан ҳимояси, юртимиз, халқимиз тинчлиги йўлида жон фидо қилганлиги қалбимизни ғурурга тўлдиради. Илойим, охирати обод бўлсин. Ишонаманки, юртимизда ўғлим каби Ватан ҳимоячиларининг хотираси асло унутилмайди, – дейди унинг отаси Абдумуталиб ака.
Йўқлаб борган ҳарбийлар томонидан аскарнинг оиласига зарур ёрдамлар кўрсатилди, совға-саломлар топширилди.
Машъум Сариосиё воқеаларига 25 йил бўлаётган бўлса-да, Дониёрбек Тожибоев каби мард ўғлонлар хотираси асло ўчгани йўқ. Ватан ҳимояси, халқимиз тинчлиги йўлида жон фидо қилган ўғлонлар хотираси авлодлар қалбида мангу яшайди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.