Йўрға тувалоқ қушлар табиатга жозиба бағишлади
Бухоро вилояти Пешку туманида жойлашган “Муллохол” чўл массивидаги “Emirates Bird Breeding Center for Conservation” марказида сунъий шароитда парвариш қилиниб, кўпайтирилган йўрға тувалоқ қушлари табиат қўйнига қўйиб юборилди.
Ушбу хайрли ташаббус Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Бухоро вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда “Falcon Hunting Solutions” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбир давомида марказда етиштирилган жами 1210 бош ноёб йўрға тувалоқ ўзининг табиий яшаш муҳитига қайтарилди.


Мутахассисларнинг таъкидлашича, йўрға тувалоқ қушлари экологик тизим мувозанатини сақлашда муҳим ўрин тутади. Шу боис мазкур турни муҳофаза қилиш, унинг сонини кўпайтириш ва табиий муҳитга мослаштириб бориш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

Табиатга қўйиб юборилган қушлар эндиликда вилоятнинг Пешку, Шофиркон, Ромитан, Жондор ва Қоракўл туманлари ҳудудларида эркин ҳолда яшайди. Бу эса мазкур ҳудудларда ноёб қушлар популяциясини тиклаш, чўл экотизимини бойитиш ва табиий муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Бундай амалий ишлар мамлакатимизда экологик ислоҳотлар изчил давом этаётгани, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга давлат даражасида катта эътибор қаратилаётганининг яна бир ёрқин ифодасидир. Айниқса, халқаро ҳамкорлик асосида амалга оширилаётган лойиҳалар табиатни асраш борасида янги имкониятлар яратмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.