“Йўл харитаси”: вазифалар қоғозда эмас, амалда бажарилиши зарур
Каттақўрғон туманида коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурҳонов иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 5 март куни коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида берилган топшириқлар ҳамда ҳудудларда коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш, маиший коррупцияга барҳам бериш, мазкур иллатга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантириш бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси” ижроси юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидландики, ишчи гуруҳ тумандаги тиббиёт муассасалари, давлат идоралари ва аҳоли кўп мурожаат қиладиган ташкилотларда коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишларни ўрганганда соҳаларни рақамлаштириш ва инсон омили аралашувини камайтириш борасида муайян натижаларга эришилгани билан бирга бир қатор камчиликлар борлиги ҳам аниқланган. Шу сабабли йиғилишда ягона тиббиёт ахборот тизими(DMED)да “Электрон рецепт” модули орқали беморларга рецептларни электрон шаклда бериш, иш ставкаларини бўлишдаги коррупсион омилларни бартараф этиш, коррупция ва хавф-хатарларни аниқлаш бўйича таъсирчан механизмларни амалиётга жорий этиш юзасидан мутасадди идоралар раҳбарларига топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Шунингдек, давлат органларига ишга қабул қилиш жараёнида бюрократик тўсиқлар ҳамда инсон омилини бартараф этиш, ходимларни ишга қабул қилиш очиқ ва шаффоф танловлар асосида амалга оширилишини мониторинг қилиш тизимини йўлга қўйиш ишларини жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирлар ижросини ўз муддатида ва сифатли таъминлаш бўйича мутасаддилар масъулияти эслатилди. Шунингдек, туманни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш юзасидан тегишли идораларнинг таклифлари муҳокама қилиниб, уларни амалиётга жорий қилиш чоралари белгиланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири