Газ ва электр энергиясидан хавфсиз фойдаланиш – доимий назоратда
Энергия ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, энергетика объектларида хавфсизликни таъминлаш ҳамда авариявий ҳолатларнинг олдини олиш давлат назоратининг устувор йўналишларидан биридир. Бу борада профилактик тадбирларни кучайтириш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” бошлиғи Аҳадхон Исоқжонов раҳбарлигида ўтказилган танқидий йиғилишда бу ҳақда атрофлича сўз юритилди.
Йиғилишда жорий йилда амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, назорат тадбирлари давомида аниқланган хато ва камчиликлар танқидий муҳокама қилинди. Масъулларга мавжуд камчиликларни бартараф этиш, назорат самарадорлигини ошириш ва ҳар бир йўналиш бўйича аниқ натижага эришиш вазифалари белгилаб берилди.
Инспекция бошлиғи энергетика объектларида хавфсизлик талабларига риоя этиш, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ва эксплуатация ишларини тўғри ташкил этиш масалаларига алоҳида тўхталди.
– Энергетика объектларида хавфсизлик масаласига бир лаҳза ҳам эътиборсизлик билан қараб бўлмайди. Ҳар бир объектнинг техник ҳолати мунтазам ўрганилиши, аниқланган камчиликлар ўз вақтида бартараф этилиши ва бу борадаги ишлар доимий назоратда бўлиши керак. Назорат фақат камчиликни аниқлашдан иборат эмас. Асосий вазифа хавфни олдиндан кўриш, унинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш ва инсон ҳаёти ҳамда объектлар хавфсизлигини таъминлашдир. Шунинг учун ҳудудий бошқармалар ҳар бир аниқланган ҳолат бўйича тизимли иш олиб бориши шарт, – деди А.Исоқжонов.
Йиғилишда энергетика объектларида юзага келиши мумкин бўлган авариявий ҳолатларнинг олдини олиш, эксплуатация ишларини белгиланган талаблар асосида ташкил қилиш ҳамда объектларда доимий равишда ўрганиш ва назорат тадбирларини ўтказиб бориш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, газ тақсимлаш станциялари, автомобилларга газ қуйиш шохобчалари, бозорлар ва савдо мажмуаларида ўрнатилган қурилмаларнинг техник ҳолатини ўрганиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур объектларда суюлтирилган газ ва электр энергиясидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига қатъий риоя этилиши, қурилмаларнинг белгиланган меъёр ва талабларга мувофиқ ишлатилиши бўйича назорат тадбирларини жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунида ҳудудий бошқармалар масъулларининг ҳисоботлари эшитилди. Келгусида амалга ошириладиган ишлар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олиниб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА