“Яшил инновациялар” танловининг ҳудудий босқичлари ўз ниҳоясига етди
Мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, илғор ғояларни қўллаб-қувватлаш ҳамда яшил иқтисодиёт тамойилларини кенг жорий этиш мақсадида “Яшил ташаббуслар жамғармаси” томонидан ташкил этилган “Яшил инновациялар” кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари бўлиб ўтди.
Ушбу экологик лойиҳага республикамизнинг 14 та ҳудудидан жами 420 та ариза келиб тушди. Тақдим этилган ғоялар экспертлар томонидан долзарблик, самарадорлик ва амалий аҳамият мезонлари асосида атрофлича баҳоланиб, энг кучли 85 та инновацион лойиҳа республика босқичига саралаб олинди.

Сараланган лойиҳалар асосан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ресурслардан самарали фойдаланиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашув чораларини ишлаб чиқиш каби йўналишларни қамраб олган.


Мазкур йўналишлар бўйича беллашиб юқори натижаларга эришган ёшлар танловнинг ҳал қилувчи республика босқичига йўлланма олган.
Гулноза Бобоева,
ЎзА