Журналистлар Тошкент-жанубий темир йўл вокзали фаолияти билан танишди
Тошкент-жанубий темир йўл вокзалида жорий этилган янгиликлар ва йўловчилар учун яратилган имкониятлар юзасидан ОАВ ходимлари учун пресс-тур бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 10 октябрдаги “Темир йўл соҳасини тубдан ислоҳ қилиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ ҳамда “Темир йўл вокзаллари” МЧЖ томонидан темир йўл вокзалларида йўловчиларга қулайликлар яратиш, уларга сифатли сервис хизматлар кўрсатиш, тадбиркорлар фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Маълумки, 2017 йилда тубдан реконструкция қилинган Тошкент- жанубий темир йўл вокзали мамлакатимизнинг энг катта вокзалларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу вокзалдан бир сутка мобайнида 19 та йўналишда 10 минг нафардан ортиқ йўловчи фойдаланмоқда.
Жаҳон андозаларига мос юқори сервис хизмати кўрсатишга мўлжалланган VIP ва кутиш зали шинам, барча қулайликларга эга ҳамда телевизион ахборот воситалари билан жиҳозланган.
[gallery-28741]
Шунингдек, “Она ва бола” хонаси, электрон кутубхона, Wi-Fi интернет хизмати, тиббиёт хонаси, қўл юки аравачаси, ногиронлар аравачаси, мобиль қурилмалар учун қувватлантириш манбаи, электрон маълумотлар таблоси, замонавий лифт йўловчилар хизматида.
Иқлим мусаффолигини таъминлаб турадиган 14 метрлик иккита замонавий фаввора вокзалга ўзгача кўрк бағишлаб турибди.
Хусусан, Тошкент-жанубий вокзалида йўловчилар учун янги қулайликлар мавжуд. Жумладан, вокзалда йўловчиларни кузатиб келувчи ҳамроҳларига темир йўл вокзалининг перрон ҳудудигача бемалол ҳеч қандай ҳужжатларсиз кириш имконияти мавжуд.
Вокзал ҳудудида қатор автотураргоҳлар ҳамда автомашиналар вокзалнинг кириш эшиги ҳудудигача харакатлана олиши жорий этилган.
Поездлар ҳақида тезкор маълумот берувчи электрон таблолар ва замонавий терминаллар сони кўпайтирилди. Вокзалда 100 нафарга яқин ишчи-хизматчи йўловчиларга хизмат кўрсатади. Ушбу вокзалдан Тошкент – Хива, Тошкент – Бухоро, Тошкент – Шовот, Тошкент – Андижон, Тошкент – Қўнғирот, Тошкент – Термиз, Тошкент – Сариосиё, Андижон – Олот, Андижон – Тошкент – Урганч, Андижон – Хива каби маҳаллий йўналишларга қатновлар амалга оширилмоқда.
Тошкент – Чиноркент, Тошкент – Ховос, Тошкент – Бекобод, Тошкент – Сирдарё, Тошкент – Гулистон йўналиши бўйича қатновчи шаҳарлараро поездлар ҳам ушбу вокзалдан қатнайди.
Шунингдек, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вокзал орқали ўз манзилларига кетувчи йўловчилар замонавий метал рамка ҳамда мавжуд бўлган қўл юклари интраскоп аппаратлари орқали текширувдан ўтказилиб, хавфсиз ҳудудга киришлари таъминланади.
Бугун ушбу вокзалда йўловчилар учун яна бир қулайлик яратилди. Вокзал ҳудудида меҳмонхона фаолият бошлади. Шунингдек, вокзал йўловчилари ва сайёҳлар учун қулайлик яратиш, уларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида 2 та хостел хона ҳам ташкил этилган. Ушбу хоналар арзонлиги ва қулайлиги билан пойтахт меҳмонлари учун муносиб ва манфаатли ечим бўлиб хизмат қилади.
Мазкур меҳмонхонанинг ишга туширилиши Жанубий вокзал ҳудудида йўловчилар, сайёҳлар ҳамда шаҳримиз меҳмонларига замонавий ва сифатли меҳмонхона хизматларини кўрсатиш имконини янада кенгайтиради.
Гулноза Бобоева, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА