«Япон боғи» нега шундай аталади, билармидиз?
Иссиқ кунларда инсон организми тез чарчаб, ланжликни ҳис қилади. Шу сабабли улар пойтахтимиздаги истироҳат боғлари сари интилишади. Халқ орасида “парк” деб аталадиган бу масканлар нафақат дам олиш, балки шаҳар ҳавосини тозалаш, инсонларга руҳий ҳордиқ улашиш ва маданий муҳит яратишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Япон боғи. Бу боғ нафақат гўзал табиати, балки ўзига хос тарихи ва фалсафаси билан ҳам эътиборни тортади. Боғнинг яна бир ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, бу ерда товус қушларини ҳам учратиш мумкин.
Ушбу боғ тарихини ва ундаги янгиликларни билиш учун боғ ходими билан суҳбатлашдим. Бир неча ўзимизни қизиқтирган саволлар билан Япон боғи матбуот котиби Курбанова Мафтунага мурожаат қилдим.

- Япон боғи қачон ташкил этилган? Шунингдек, унга айнан “Япон боғи” номи берилишига қандай омиллар сабаб бўлган?
– «Жапанес Гарден Тошкент» узоқ тарихга эга. Ҳудудни ободонлаштириш бўйича дастлабки ишлар 1947 йилда бўш ер ўрнида шаҳар боғи ташкил этилганда бошланган. Тарихий маълумотларга кўра, кўл учун қазилган хандак иккинчи жаҳон урушидан кейин япон ҳарбий асирлари томонидан қазилган бўлиб, айнан шу ҳолат “Япон боғи” номининг пайдо бўлишига сабаб бўлган. Замонавий кўринишдаги боғ эса 2001 йил 25 август куни Япония элчихонаси ва “Ўзэкспомарказ” кўмагида расман очилган. 1997 йил қайта таъмир ишлари бошланиб, 2001 йил тугатилган.

- Боғни барпо этишда япон миллий анъаналари, меъморий услублари ҳамда ландшафт дизайнидан фойдаланилганми ва бу жиҳатлар уни бошқа истироҳат боғларидан қандай ажратиб туради?
– Албатта, боғни яратишда япон боғ-парк санъати анъаналари фаол қўлланилган. Безаш жараёнида Японияга хос ёғоч кўприклар, тош композициялар, чой уйлари (павильони), декоратив сув ҳавзалари барпо қилинган. Япон боғининг асосий хусусияти — инсон ва табиат уйғунлиги фалсафасидир. Шу сабабли боғ оддий шаҳар боғларидан сокин муҳити, пухта ўйланган ландшафти ва ҳар бир элементининг рамзий маъноси билан ажралиб туради. Булардан бири бу кириш қисмидаги ёғоч эшик ҳисобланади. Бу ёмон кўзлардан ва назардан сақловчи ҳимоя воситасида ҳам ажралиб турадиган эшик ҳисобланади.

- Боғдаги сунъий кўл қандай ташкил этилган? Унинг экологик, эстетик ва иқлимий аҳамияти нимада ҳамда боғ экотизимида қандай вазифаларни бажаради?
– Боғнинг марказий элементи — сунъий кўлдир. У урушдан кейинги йилларда яратилган бўлиб, кейинчалик япон ландшафт концепциясига уйғунлаштирилган. Кўл бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифани бажаради: ҳудуд микроиқлимини яхшилайди, ҳавони намлайди, ёзда ҳароратни пасайтиради ҳамда қушлар ва декоратив балиқлар учун қулай муҳит яратади. Эстетик нуқтаи назардан сув япон боғининг энг муҳим унсурларидан бири бўлиб, уйғунлик ва ҳаёт оқимини ифодалайди.

- Боғ ҳудудида қандай турдаги ўсимлик ва дарахтлар мавжуд, уларни парвариш қилиш жараёни қандай олиб борилади ва келгусида яна қандай янги ўсимлик турларини экиш режалаштирилган?
– Боғ ҳудудида игнабаргли дарахтлар, декоратив буталар, сакура, заранг, қарағай, арча, гуллар композициялари ҳамда газон ўсимликлари ўсади. Парвариш ишлари: мунтазам суғориш, санитария мақсадидаги буташ, ўсимликларни зараркунандалардан ҳимоя қилиш ва мавсумий ландшафт янгиланишини ўз ичига олади. Сўнгги йилларда маъмурият ҳудудни янада кўкаламзорлаштириб, Тошкент иқлимига мослаштирилган янги декоратив ўсимлик турларини босқичма-босқич қўшмоқда.
- Пойтахт экологиясини яхшилаш, ҳавони софлаштириш ва экологик асрашда боғнинг аҳамияти қандай? Шу мақсадда боғ ҳудудида қандай экологик тадбирлар амалга оширилмоқда? Боғнинг вазифаси нимадан иборат, боғ фақат сайр учун эмас-ку, шаҳарсозликда боғларнинг аҳамияти ҳақида маълумот берсангиз.
– Япон боғи пойтахт экологик тизимида муҳим ўрин тутади. Кўплаб яшил дарахт ва ўсимликлар ҳавони чанг ва карбонат ангидриддан тозалашга, шовқин даражасини камайтиришга ва қулай шаҳар микроиқлимини яратишга ёрдам беради. Бундай боғлар замонавий шаҳарсозлик инфратузилмасининг бир қисми ҳисобланади. Улар экологияни яхшилайди, дам олиш маскани бўлиб хизмат қилади, мегаполислардаги стрессни камайтиради ва қулай шаҳар муҳитини шакллантиради. Боғда мунтазам равишда яшил ҳудудларни парвариш қилиш, тозалаш ва табиий мувозанатни сақлаш ишлари олиб борилади.
- Боғ ҳудудида оилавий ҳордиқ, болалар дам олиши, пикник ташкил этиш ҳамда фото-видео суратга олиш учун қандай шароитлар яратилган? Бу борада қандай тартиб-қоидалар амал қилади?
– Боғ ҳудудида оилавий дам олиш, болалар билан сайр қилиш, сокин пикник ва фотосессиялар учун қулай шароит яратилган. Айниқса, чиройли кўприклар, кўл ва япон услубидаги меъморчилик сабабли тўй ва мавзули фотосессиялар қилинади. Ташриф буюрувчилар учун сайр йўлаклари, дам олиш зоналари ва айвонлар жиҳозланган. Шу билан бирга, айрим қоидалар ҳам амал қилади: ўсимликларга зарар етказиш, чиқинди ташлаш, кўлда чўмилиш ва жамоат тартибини бузиш тақиқланади.
- Боғ ҳудудида хавфсизлик, тозалик ва тартиб-интизомни таъминлаш учун қандай чоралар кўрилган? Жумладан, кузатув камералари, чиқиндиларни саралаш тизими ва ташриф буюрувчилар томонидан энг кўп бузиладиган қоидалар ҳақида маълумот берсангиз.
- Боғда хавфсизлик ва тартибни таъминлаш мақсадида ходимлар ва қўриқлаш хизмати томонидан доимий назорат олиб борилади, шунингдек видеокузатув камералари ўрнатилган. Ҳудудда ахлат қутилари ва чиқинди контейнерлари мавжуд. Ташриф буюрувчилар томонидан энг кўп учрайдиган қоидабузарликлар — қушларни рухсат этилмаган жойларда боқиш, газонларга зарар етказиш, чиқинди қолдириш ва ёпиқ декоратив ҳудудларга киришга уринишдир. Маъмурият мунтазам равишда тозалик ва ободонлаштириш ишларини олиб боради.
- Боғда уй ҳайвонлари билан сайр қилишга рухсат бериладими? Агар чекловлар мавжуд бўлса, бунинг асосий сабаблари нималардан иборат?
– Уй ҳайвонлари билан сайр қилиш боғнинг ички қоидаларига кўра айрим ҳудудларда чекланиши мумкин, айниқса декоратив композициялар ва эркин юрувчи қушлар мавжуд жойларда. Бундай чекловларнинг асосий сабаблари: тозаликни сақлаш, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва бошқа ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлашдир. Ташрифдан олдин амалдаги қоидаларни маъмуриятдан аниқлаштириш тавсия этилади.
- Япон боғига маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳларнинг қизиқиши қандай? Йил давомида ташриф буюрувчилар сони ўртача қанчани ташкил этади?
– Япон боғи (Жапанес Гарден) Тошкентдаги энг машҳур дам олиш масканларидан бири бўлиб, маҳаллий аҳоли ҳамда хорижий сайёҳлар орасида катта қизиқиш уйғотади. Айниқса, баҳор ва куз мавсумида ташриф буюрувчилар сони кўпаяди. Сайёҳларни Ўзбекистон пойтахти марказидаги япон маданияти ва табиатининг ўзига хос уйғунлиги жалб қилади. Йиллик ташриф буюрувчилар сони бўйича аниқ расмий статистика кам эълон қилинади, бироқ боғ мунтазам равишда шаҳарнинг энг кўп ташриф буюриладиган яшил ҳудудлари қаторига киради. Бизнинг эшигимиз ҳамма учун очиқ ва биз дам олувчиларга сифатли хизмат кўрсатишдан ва уларнинг маданий ҳордиқ олиб, завқланишидан доимо мамнунмиз.
- Келажакда Япон боғини ободонлаштириш, кенгайтириш ва янада ривожлантириш бўйича қандай истиқболли лойиҳалар ёки янги ҳудудлар ташкил этиш режалаштирилган?
– Биз бу боғнинг қадимийлиги ва бетакрор асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратамиз. Боғ ҳудудига янги турдаги ўсимлик ва дарахтлар экиш ишлари ҳам олиб борилади. Бу жараён асосан Япония элчихонаси ташаббуси ва ҳамкорлиги асосида амалга оширилади. Шу боис боғ нафақат дам олиш маскани, балки икки халқ ўртасидаги маданий дўстлик рамзи сифатида ҳам қадрланади.
Ҳозирги кунда боғда қадимий ва ёш ўсимлик турларини учратиш мумкин. Жумладан, аждаҳо дарахти, сакура ва бошқа манзарали дарахтлар бу масканга ўзгача ҳусн бағишлаб туради. Айниқса, баҳор фаслида боғдаги кўплаб дарахт ва гулларнинг очилиши атрофга янада чирой ва файз бахш этади. Сакура гуллаган пайтда эса боғ гўё эртакнамо манзарага айланади. Шу сабабли бу ер нафақат сайр қилиш, балки табиат гўзаллигидан завқланиш ва суратга тушиш учун ҳам севимли масканлардан бири ҳисобланади.
Боғнинг тунги манзараси ҳам ўзига хос жозибага эга. Бу ерда япон услубидаги чиройли фонуслар ўрнатилган бўлиб, улар кечки пайт боққа янада файз ва сокинлик бахш этади. Ёрқин ва нафис безаклар остида боғ шарқона муҳитни эслатади. Айниқса, тунги ёритгичлар кўл ва дарахтлар манзараси билан уйғунлашиб, ташриф буюрувчиларга унутилмас таассурот қолдиради. Шу сабабли Япон боғи нафақат кундузги сайр, балки кечки ҳордиқ учун ҳам энг гўзал масканлардан бири саналади.
Дарвоқе боғнинг иш вақти кундузги 10 дан кечки 20:00 гача.
ТошДЎТАУ талабаси
Роза Қурбонова тайёрлади