Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда "DATA4CRM" лойиҳасига старт берилди
Бу ҳақда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Геология фанлари университетида Европа Иттифоқи - Ўзбекистон CRM лойиҳасини амалга ошириш доирасида старт йиғилиши ташкил этилди.
Тадбирда вазирлик ҳузуридаги ташкилотлар ва Европа давлатларининг етакчи геология муассасалари вакиллари иштирок этди.

Унда тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Рустам Юсупов сўзга чиқиб, геология соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, муҳим хомашё материалларини ўрганиш ва замонавий геологик тадқиқотларни ривожлантириш бугунги кунда устувор аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Тадбир давомида “DATA4CRM” лойиҳасини амалга ошириш механизмлари, мамлакатнинг муҳим хомашё материаллари соҳасидаги илмий салоҳияти, геомаълумотлар базаси ҳамда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Шундан сўнг “Ўзбекистонда муҳим хомашё материаллари (CRM) бўйича фойдали қазилмаларни қидиришни қўллаб-қувватлаш учун геологик тадқиқотларни ривожлантириш – DATA4CRM” ташаббусига расман старт берилди.
Мазкур лойиҳа муҳим хомашё ресурсларини аниқлаш ва ўрганиш соҳасида геологик тадқиқотлар сифатини ошириш, соҳада замонавий маълумотлар базасини шакллантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда мамлакатнинг минерал-хомашё салоҳиятидан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.
Тадбирда қайд этилганидек, мазкур ташаббус Ўзбекистон геология соҳасида замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА