Янгиқўрғондаги “Туризм қишлоғи” ҳудудидаги вазият ўрганилди (+видео)
Ижтимоий тармоқлар ва айрим оммавий ахборот воситаларида Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида жойлашган “Туризм қишлоғи” ҳудудида сел-сув тошқини хавфи ҳақидаги видеолавҳа кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА ижодий жамоаси воқеа жойига бориб, вазиятни бевосита ўрганди.
Ўрганишлар давомида ҳудуддаги сой ўзанлари, сув ўтказиш иншоотлари ва сел сувларини йўналтириш тизими кўздан кечирилди. Шунингдек, маҳаллий аҳоли, мутасадди ташкилотлар ва соҳа мутахассислари билан суҳбатлашилди.
Мутахассислар таъкидлашича, ҳудуд тоғ олди қисмида жойлашгани боис кучли ёғингарчилик мавсумида сел оқимлари юзага келиши эҳтимоли мавжуд. Шу билан бирга, айрим жойларда сой қирғоқлари ва сел суви оқими йўлида рухсатсиз қурилишлар амалга оширилгани, бу эса сув йўлларининг тўсилишига сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Шунингдек, хавфни камайтириш мақсадида сув йўлларини тозалаш, гидротехник иншоотларни сақлаш ва профилактик тадбирларни амалга ошириш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.
Кузатувлар давомида маҳаллий аҳоли томонидан ҳам фикр ва таклифлар билдирилди. Хусусан, айрим ҳудудларда муҳофаза тадбирларини янада кучайтириш ва профилактика ишларини изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Ўрганишлар шуни кўрсатадики, масалага бир томонлама ёндашиш вазият ҳақида тўлиқ тасаввур бермайди. Чунки ҳудудда табиий хавф омиллари мавжуд бўлиши билан бирга, уларнинг олдини олиш бўйича тегишли ишлар ҳам амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги жамоатчилик эътиборидаги долзарб масалаларни жойига чиққан ҳолда, факт ва холислик тамойиллари асосида ёритишда давом этади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/r574Wqkokx8" title="Yangiqo‘rg‘ondagi “Turizm qishlog‘i” hududidagi vaziyat o‘rganildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат ва видео), ЎзА