Уч минг йиллик тарихдан сўзловчи кўзгу
Президентимиз 2021 йил февраль ойида Наманганга ташрифи чоғида Ахсикент ёдгорлигини очиқ осмон остидаги музейга айлантириш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратиб, нодир ёдгорлик – Ахсикентни “Наманганнинг Регистони” бўлиши кераклигини таъкидлаган эди.
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон ва Мингбулоқ туманларини боғловчи манзилда жойлашган Ахсикент археология ёдгорлиги юртимиздаги қадимий моддий маданий мерос объектларидан бири ҳисобланади. Ахсикент милоддан аввалги III асрда ташкил топган бўлиб, қадимги Фарғона давлатининг пойтахти, Буюк ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири ҳисобланган.

Тарихий манбаларда, хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб “Бобурнома” асарида бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида кўп ёзилган. Қадимдан бу жойда ер ости сув иншооти бўлгани боис мудофаа учун қулай саналган. Шаҳар Арк, ички ва ташқи шаҳардан иборат бўлган. Бу ерда ўз даврида шишасозлик, кулолчилик, темирчилик, қуролсозлик каби ҳунармандлик турлари ривожланган. 1620 йилларга келиб зилзила оқибатида улкан шаҳар вайрон бўлган.

Бугунги кунда харобаларнинг 60 гектарга яқин қисми сақланиб қолган бўлиб, водийдаги йирик археологик ёдгорликдир. Археологлар томонидан темирчилар устахонаси, X-XIII асрларга оид ҳаммом қолдиқлари, аскарлар хоналари, жоме масжиди, мудофаа деворлари, ер ости ирригация тармоқлари, ҳунармандлар маҳалласи, ҳукмдор қароргоҳи – Арк қазиб ўрганилган.

Президентимизнинг топшириғига асосан 2017 йилда Ахсикент тарихий ёдгорлигини асраб-авайлаш ва тадқиқ этиш, унинг ҳаққоний тарихини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланди. “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси ташкил этилди.

Буюк тарихдан сўзловчи, буюк тамаддунимиз кўзгуси саналган ушбу қадим масканда бугун бунёдкорлик ва қазишма ишлари жадал олиб борилмоқда. Йирик туризм марказига айланаётган Ахсикент яқин-узоқ хориждан келувчи сайёҳларнинг севимли масканига айланган. Бунинг самарасида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ўртасида тарихий ёдгорликка қизиқиш ортмоқда. Ҳозирга қадар Белгия, Австрия, Япония, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, АҚШ, Франция, Россия Федерацияси, Эрон Ислом Республикаси, Покистон, Ҳиндистон, Хитой, Туркия сингари юзга яқин давлатлардан сайёҳлар ташриф буюрган.

– Қадим Ахсикент заминида бўлиб турганимдан хурсандман. Бу ердаги бой тарихдан, унинг юқори даражада асралаётганидан, ўзбек халқи буни дунё ҳамжамияти билан баҳам кўришга интилаётганидан ҳайратдаман, – дейди америкалик олим, АҚШнинг Шимолий Дакота университети профессори Жон Эндисон. – Ахсикент ҳақида илк бор 1996 йили тадқиқот ишларим давомида эшитгандим, бу тарихий жойга келиб, ўз кўзим билан кўриб турганимдан мамнунман. Улкан таассуротларимни ҳамкасбларим билан ўртоқлашаман.

2023 йилнинг ёз ойида Ахсикентдаги янги қурилишларга тамал тоши қўйилиб, ўтган уч йил давомида амалга ошириб келинаётган бунёдкорлик бугунги кунда чиройли қиёфаларда бўй кўрсатмоқда.

– Умумий майдони 139 гектар бўлган ёдгорлигимиз ҳудудида тўққизта очиқ осмон музейи қурилмоқда. Бугунга қадар рамзий дарвоза, мудофаа девори, экспонатлар музейи ва антик майдонча битказилди, – дейди Наманган вилоятининг “Ахсикент” археологик ёдгорлик парки директори Анвар Икромов. – Хусусан, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Антропология институти бўлим бошлиғи, тарих фанлари доктори, профессор Абдулҳамид Анорбоев раҳбарлигидаги қазишма ишлари фаол олиб борилмоқда. Ёдгорлик мажмуасида ҳозирги кунгача 28 та объектда қазиш ишлари амалга оширилган бўлиб, уларнинг учтасида ишлар якунланди, тўртинчисига тент ёпиш амалга оширилмоқда.

Катта йўл ёқасида қуриб битказилган ўн тўққизинчи қазиш объекти ёдгорликнинг ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, ғарбий работни шаҳристондан ажратиб турган мустаҳкам ва маҳобатли мудофаа деворлари ҳамда физика қонунлари асосида, яъни туташ идишлар қонуни бўйича қурилган ер ости, сув иншоотининг очилган қисми айнан шу объектда аниқланган.

Деворларнинг кузатув миноралари, буржлари, шаҳарни ичимлик суви таъминлаган ер ости сув иншоотининг пишиқ ғиштдан ишланган муҳандислик қурилмаси жуда яхши сақланган. Мавжуд музей ёнбошидаги йигирма саккизинчи объект – X-XII асрларда фаолият юритган ер ости сув иншоотининг кузатув пункти, биринчи шаҳристоннинг XIII асрнинг бошларига оид хоразмликлар даврида қурилган мудофаа девори ва турар жой қолдиқлари археологлар томонидан очиб ўрганилмоқда.


Ахсикентнинг шарқий чегарасидаги усти ёпилган йигирма тўртинчи объектида XI-XII асрларга оид маҳобатли турар жой қолдиқлари аниқланган бўлиб, тез орада улар қайта очилади. Ҳозирда усти ёпилаётган йигирма учинчи объектда X-XII асрларда фаолият кўрсатган ер ости сув иншоотининг шохобчаси қолдиқлари мавжуд. 2024 йилги қазишмалар чоғида ўн биринчи объектдан сўнгги эллик йилдаги энг нодир топилмалар топилиши катта шов-шувга сабаб бўлган.


Археологлар траншея қазиш жараёнида кенглиги икки-уч метрлик зинапояга дуч келишган. Ер туби томон тўрт метр қазилганда сирли йўлакнинг бутун аркаларига чиққанди. Бу ердан 10 минг куб метр тупроқ чиқарилгач, йўлакнинг ўн иккинчи поғонаси очилди. Айни шу нуқтадан етти метр шарқда қадимшунослар яна иккита ноёб ер ости йўлларига дуч келдилар. Тахминларга қараганда, ҳар икки аркасимонйўлак, дастлабки топилган катта йўлга боғланади.

“Италянча”, дея таърифланган раковина, ер ости, пол ости иситиш тизими, нафис сопол қувурлари билан бутун ҳолатда топилган қўл ювиш воситалари ҳам айнан шу объектдан топилган. Ҳозирда ушбу объектда ер ишлари ва ёғоч конструкциялар учун тагзамин ҳозирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу объектлардаги очиқ осмон остидаги музейлар хорижлик ва маҳаллий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.