Янгиланган суд биноси фойдаланишга топширилди
Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар нафақат қонунчилик ва суд амалиётида, балки одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник шароитларни яхшилашда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бухоро вилояти Шофиркон туманида капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилган жиноят ишлари бўйича туман судининг биноси фойдаланишга топширилиши ана шу жараённинг амалий натижаларидан бири бўлди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда Олий суд раисининг ўринбосари Ш. Полвонов, Шофиркон тумани ҳокими М. Амонов, суд фахрийлари, нуронийлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда соҳа масъуллари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси ва раҳбарлигида суд-ҳуқуқ соҳасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, одил судлов сифатини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида эришилаётган натижалар хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, суд тизимини замон талаблари асосида такомиллаштириш, судларнинг мустақил фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, энг муҳими, ҳар бир фуқаро судга мурожаат қилганида ўзини ҳимояланган ҳис этишига эришиш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида. Зеро, одил судловнинг самарадорлиги фақат қабул қилинаётган қарорлар билан эмас, балки суд жараёнининг очиқлиги, қулайлиги ва инсон қадрига бўлган муносабат билан ҳам белгиланади.
Шу маънода, суд биноларини замонавий талаблар асосида реконструкция қилиш, уларни ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш, судьялар, ходимлар, фуқаролар ва суд жараёнининг бошқа иштирокчилари учун муносиб шароит яратиш муҳим аҳамият касб этади.

Шофиркон туман жиноят ишлари бўйича суди биносида амалга оширилган капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари ҳам шу мақсадларга хизмат қилади. Бинонинг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланиши суд жараёнларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ишларни кўриб чиқиш самарадорлигини ошириш, ташриф буюрувчилар учун қулай муҳит яратиш имкониятларини кенгайтиради.
Маросимда суд биносида фаолият юритадиган ҳар бир судья ва ходим ўз вазифасига юксак масъулият билан ёндашиши, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини чуқур англаши лозимлиги алоҳида қайд этилди. Чунки судга бўлган ишонч, аввало, қонуний, холис ва адолатли қарорлар орқали мустаҳкамланади.
Янги шароитларда суд жамоаси зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажариш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш борасида муваффақиятлар тилади.
Тадбир якунида рамзий лента қирқилиб, иштирокчилар бинонинг янгиланган қиёфаси, суд мажлислари заллари ва яратилган замонавий инфратузилма билан танишдилар.

Янгиланган суд биноси — бу шунчаки таъмирланган иншоот эмас. У суд тизимида инсон манфаатларини устувор қўйиш, адолатли судлов учун муносиб муҳит яратиш ва фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш йўлидаги амалий қадамдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири