Ички ишлар органлари ходимлари шарафланди
Термиз шаҳридаги Санъат саройида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Бахтиёр Иноқов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, соҳа фахрийлари, ички ишлар органлари ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Тадбир аввалида вилоят ҳокими шаҳар ва туман ички ишлар органлари раҳбарларига янги хизмат автомашиналарининг калитларини топширди. Мазкур ташаббус тизимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимлар учун муносиб хизмат шароитларини яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тантана доирасида ички ишлар органлари фаолияти, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва замонавий имкониятларни акс эттирувчи махсус кўргазма ташкил этилди. Унда замонавий техникалар, махсус хизмат автомашиналари, қурол-аслаҳа ва турли ускуналар намойиш қилинди.
Шунингдек, ички ишлар органларининг шаклланиш ва ривожланиш тарихи, соҳа ходимларининг фидокорона хизмат фаолиятига бағишланган «Садоқат ва жасорат солномаси: Сурхондарё вилояти ички ишлар органлари тарихи» номли янги китоб-альбом тақдимоти ўтказилди.
Маросимда хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, фаолиятида юқори натижаларга эришаётган бир гуруҳ ходимлар вилоят ҳокими ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан муносиб тақдирланди.
Шунингдек, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимлар хотираси ёдга олинди. Уларнинг оила аъзоларига алоҳида эҳтиром кўрсатилиб, эътибор ва рағбат намоён этилди.
[gallery-32261]
Тантанали тадбир санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар ва байрамона концерт дастури билан давом этди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА