“Янги Тошкент”: 25 миллиард долларлик мегалойиҳа эътибор марказида
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган V Халқаро инвестициялар форуми доирасида мамлакатимизнинг энг йирик шаҳарсозлик ташаббуси — “Янги Тошкент” мегалойиҳаси иштирокчилар ва хорижий инвесторлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинмоқда.
Форумнинг илк кунларидаёқ тақдим этилган ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг замонавий урбанизация стратегиясини ифодаловчи энг муҳим ташаббуслардан бири сифатида эътироф этилди. Мутахассислар фикрича, XXI аср ўрталарига бориб дунё аҳолисининг қарийб 70 фоизи шаҳарларда истиқомат қилиши кутилмоқда. Шу нуқтаи назардан, “Барча учун уй-жой, хавфсиз ва барқарор шаҳарлар” концепцияси бугунги кунда глобал аҳамият касб этмоқда.
“Янги Тошкент” лойиҳаси икки миллион аҳолига мўлжаллангани билан нафақат минтақада, балки халқаро миқёсда ҳам йирик урбанистик ташаббуслардан бири ҳисобланади. Мазкур лойиҳа доирасида “яшил”, “ақлли”, “хавфсиз” ва “15 дақиқалик шаҳар” тамойиллари асосида замонавий инфратузилма барпо этилмоқда.

Дастлабки босқичда лойиҳа доирасида 25 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб этилиши режалаштирилган бўлиб, бу Ўзбекистон шаҳарсозлик соҳасида янги инвестицион босқич бошланганини англатади.
Форум доирасида “The Investor” журналининг махсус сони тақдим этилди. Унда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов билан интервью ҳам чоп этилган бўлиб, унда мамлакат қурилиш соҳаси ва инвестицион муҳитнинг истиқболлари ҳақида батафсил маълумот берилган.

Вазир таъкидлаганидек, Ўзбекистон қурилиш сектори бугунги кунда нафақат тез суръатларда ривожланаётган бозор, балки аниқ қоидалар, замонавий бошқарув тизими ҳамда узоқ муддатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган барқарор инвестиция майдони сифатида шаклланмоқда.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда мамлакатимизда 135 мингта хонадон қурилган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткични 140 мингтага етказиш ҳамда қурилиш ҳажмини 30 триллион сўмга ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, “Янги Тошкент” лойиҳасида замонавий транспорт тизими, муҳандислик инфратузилмаси, рақамли бошқарув ечимлари ҳамда инвестиция муҳитини янада яхшилашга қаратилган ислоҳотлар алоҳида эътиборда.

Мутахассислар фикрича, “Янги Тошкент” лойиҳаси нафақат замонавий шаҳар барпо этиш ташаббуси, балки мамлакат иқтисодий ўсишини жадаллаштирувчи, хорижий инвестициялар оқимини кенгайтирувчи ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилувчи стратегик лойиҳа сифатида катта аҳамиятга эга.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА