Ўзбекистон ва Қозоғистон таълим соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтиради
Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова Қозоғистон Республикаси маориф вазири Жулдиз Сулейменова билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари томонидан олиб борилаётган самарали сиёсат натижасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Хусусан, мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилиб, ўзаро алоқалар тобора мустаҳкамланаётгани қайд этилди.
Шунингдек, икки мамлакат ўқувчилари ва педагогларининг халқаро фан олимпиадалари, турли форумлар ҳамда илмий-амалий конференциялардаги фаол иштироки юқори баҳоланди.
Учрашувда келгусида педагоглар малакасини ошириш, таълим жараёнига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича тажриба алмашиш, шунингдек, таълим соҳасидаги бошқа истиқболли йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар мазкур мулоқот икки давлат ўртасида таълим соҳасидаги шерикликни мустаҳкамлаш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим қадам бўлишини айтиб ўтди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА