Янги ташаббуслар Ўзбекистоннинг халқаро илмий майдондаги рақобатбардошлигини янада оширишга мустаҳкам замин яратади
Президент Шавкат Мирзиёев илмий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишиш жараёнида юқори салоҳиятли илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқишга эътибор қаратди.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маматкаримов айнан шу масаланинг аҳамияти ҳақида муносабат билдирди:
– Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида илм-фан ва инновация соҳасини ривожлантириш устувор йўналишлардан бирига айланди. Зеро, бугунги глобал рақобат шароитида давлатларнинг қудрати табиий ресурслар ёки иқтисодий имкониятлар билан эмас, балки интеллектуал салоҳият, илмий янгиликлар ва юқори малакали кадрлар салоҳияти билан белгиланмоқда.
Шу боис, мамлакатимизда илм-фанни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, замонавий илмий муҳит яратиш ва рақобатбардош илмий кадрлар тайёрлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётир.
Айниқса, кейинги йилларда олий таълим ва илмий тадқиқотлар тизимида амалга оширилган ўзгаришлар натижасида мамлакатимизда илмий фаоллик сезиларли даражада ошди. Халқаро илмий нашрларда чоп этилаётган мақолалар сони кўпайди, юқори рейтингли журналларда эълон қилинаётган тадқиқотлар улуши ортиб бормоқда. Бу эса, Ўзбекистон илм-фанининг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
Бироқ, бугунги замон шунчаки илмий фаоллик билан чекланиб қолмасдан, тадқиқотлар сифати, уларнинг амалий аҳамияти ва иқтисодиёт билан интеграциясини кучайтиришни талаб қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ҳам тақдимотда кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий фаолият самарадорлигини ошириш бўйича янги таклифларни илгари сурди.
Мазкур тақдимотнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – мамлакатнинг узоқ муддатли илмий-технологик ривожланиши учун стратегик аҳамиятга эга бўлган соҳаларга алоҳида эътибор қаратилганидир.
Жумладан, сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергия манбалари, озиқ-овқат хавфсизлиги, тиббиёт, сув ресурслари, янги материаллар ва сейсмология каби устувор йўналишларда илмий кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Бунинг аҳамияти шундаки, эндиликда илмий кадрлар тайёрлаш умумий ёндашув эмас, балки мамлакат келажаги учун муҳим бўлган стратегик соҳалар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади. Бу эса илмий тадқиқотларнинг аниқ мақсадга йўналтирилиши, интеллектуал ресурсларнинг самарали тақсимланиши ва мамлакатнинг технологик мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Тақдимотда устувор йўналишларда фаолият олиб бораётган докторантларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг стипендияларини 1,7 баробарга ошириш ҳамда илмий тадқиқотлар учун зарур бўлган замонавий асбоб-ускуналар, лаборатория жиҳозлари ва реагентлар харидига ҳар йили қўшимча маблағлар ажратиш масалалари ҳам алоҳида кўриб чиқилгани диққатга сазовор.
Бу, аввало, илмий изланишларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тадқиқотларнинг сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Чунки бугунги кунда илм-фан тараққиёти фақат олимнинг билим ва иқтидори билангина эмас, балки унинг қандай шароитда ишлаётгани, қандай лаборатория ва технологиялардан фойдаланаётгани билан ҳам бевосита боғлиқ. Замонавий илм юқори аниқликдаги қурилмалар, рақамли технологиялар ва илғор тадқиқот инфратузилмасини жорий этишни тақозо қилади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, ёш олим ва тадқиқотчилар учун муносиб шароит яратиш масаласи стратегик аҳамият касб этади. Илм-фан соҳасида юқори натижага эришиш учун фақат талаб қўйишнинг ўзи етарли эмас. Илмий фаолият барқарор молиявий қўллаб-қувватлаш, муносиб мотивация ва тадқиқотчи меҳнати билан ривож топади. Қолаверса, ёш олимлар ўз иқтидори ва интеллектуал салоҳиятини тўлиқ намоён қилиши учун уларнинг ижтимоий ҳимояси, илмий эркинлиги ва моддий имкониятлари муҳим аҳамияткасб этади.
Стипендияларнинг оширилиши эса нафақат молиявий кўмак, балки ёшларга давлат томонидан берилган юксак ишонч ва эътиборнинг амалий ифодаси ҳамдир. Бу орқали иқтидорли ёшларни илм-фанга кенг жалб қилиш ҳамда мамлакат тараққиёти учун зарур бўлган юқори малакали миллий илмий кадрлар захирасини шакллантириш имконияти янада кенгаяди. Энг муҳими, бу каби қўллаб-қувватлаш механизмлари келажакда мамлакатимизда кучли илмий мактаблар шаклланиши, янги авлод олимлари етишиб чиқиши ва Ўзбекистоннинг халқаро илмий майдондаги рақобатбардошлигини янада оширишга мустаҳкам замин яратади.
Энг муҳим янгиликлардан бири сифатида “Лойиҳа доирасида илмий даража” ва “Амалий докторантура” дастурларини жорий этиш таклифи эътиборга молик. Бу орқали илм-фан ва иқтисодиётнинг реал сектори ўртасидаги интеграция кучаяди. Илмий тадқиқотлар энди фақат назарий иш эмас, балки ишлаб чиқариш, иқтисодиёт ва амалиёт эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда шаклланади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур тақдимот илмий кадрлар тайёрлаш ва илм-фан соҳасини ривожлантиришда янги босқични бошлаб бериши мумкин бўлган муҳим стратегик қадам бўлади. Унинг амалга оширилиши мамлакатимизда замонавий, рақобатбардош ва натижага йўналтирилган илмий муҳитни шакллантиришга хизмат қилади. Энг муҳими, бу ислоҳотлар орқали илм-фан иқтисодий тараққиётнинг ажралмас қисмига айланиб, Янги Ўзбекистоннинг интеллектуал келажагини таъминлайди.
Н.Абдураимова,
ЎзА