Тадбиркорлар муаммолари диққат марказида
Юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бизнес учун қулай муҳит яратиш ҳамда тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этишга қаратилган очиқ мулоқотлар изчил давом этмоқда.
Шу мақсадда Қашқадарё, Навоий, Наманган, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида Рақобат қўмитаси томонидан тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. Унда давлат харидлари, ташқи реклама, коммунал хизматлар, электр таъминоти, чиқинди хизматлари ҳамда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Тадбиркорлар томонидан ташқи реклама воситаларини жойлаштириш, ижара тўловлари, электр энергияси учун ҳисоб-китоблар, дори воситалари нархлари ва бизнес юритишдаги турли тўсиқлар юзасидан мурожаатлар билдирилди. Барча таклиф ва муаммолар тегишли тартибда кўриб чиқиш учун назоратга олинди.

Мазкур очиқ мулоқотлар давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш ҳамда соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Н.Раҳмонова, ЎзА