“Янги Ўзбекистон талабалар олимпиадаси”га старт берилди
Бугун, 6 апрель куни пойтахтимиздаги “Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати” музейида “Янги Ўзбекистон талабалар олимпиадаси”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 24 февраль куни “Ёшлар билан мулоқоти”да берилган топшириққа мувофиқ олимпия спорт турлари бўйича “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” спорт мусобақалари йўлга қўйилаётгани юртимизда оммавий спорт ривожи қаторида профессионал спортчи талабаларни саралаш тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
[gallery-28574]
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, спорт вазири Адҳам Икромов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, олий таълим муассасалари ректорлари, спорт федерациялари вакиллари ҳамда ҳудудий студиялардан вилоятларда жойлашган олий таълим муассасалари мутасаддилари, талабалар ва кенг спорт жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. Янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаларини таъминлашга қаратилган мусобақалар мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида, талаба-ёшларнинг кундалик турмуш тарзида, олий таълим муассасалари фаолиятида ўзига хос ўрин тутиши таъкидланди.
Низомга мувофиқ, “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” спорт мусобақалари уч босқичда бўлиб ўтади. Комплекс мусобақаларнинг биринчи босқичи 6-20 апрель кунлари олий таълим муассасасида кафедра ва факультетлараро, иккинчи босқич 1-15 май кунлари ҳудудий олий таълим муассасалари ўртасида ва якуний финал босқичи пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да 1-10 июнь кунлари ўтказилиши режалаштирилган.
Мусобақалар 7 та спорт тури: баскетбол 3х3, волейбол, гандбол, енгил атлетика, стол тенниси, сузиш ва футбол бўйича юртимиздаги барча давлат, хусусий ва хорижий олий таълим ташкилотлари ўртасида ўтказилиши белгиланган.
Тантанали тадбирда сўз олганлар ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ҳамда уларнинг жисмоний ва маънавий салоҳиятини рўёбга чиқариш устувор вазифалар сифатида белгилаб берилгани, бугунги кунга қадар мамлакатимизнинг 168 та олий таълим муассасасидан 160 минг нафарга яқин талаба-ёшлар ушбу мусобақаларда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтганини қайд этди.
Буни ёшлар ўртасида спорт машғулотларига, мусобақаларга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганидан далолат, дейиш мумкин.
Т.Рўзиев,
А.Мамадаминов(фото),
ЎзА