Волонтёр ва кўнгилли қутқарувчиларни “Фавқулодда вазиятлар волонтёри” жамоатчилик гуруҳларига жалб этиш тартиби белгиланди
2026 йил 17 апрелдаги 181-сон Ҳукумат қарори билан “Волонтёрлар ва кўнгилли қутқарувчиларни “Фавқулодда вазиятлар волонтёри” жамоатчилик гуруҳларига жалб этиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, жамоатчилик гуруҳларига фақат 18 ёшдан катта бўлган Ўзбекистон фуқаролари жалб этилади.
Бунда аъзо бўлиш истагидаги шахслар Волонтёрлар электрон платформаси (volontyor.uz) орқали ҳисобга қўйилгандан сўнг ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармаларига (бош бошқармаларига) ариза билан мурожаат қилади.
Жамоатчилик гуруҳларининг аъзоларига қуйидаги имтиёзлар тақдим этилади:
– Фавқулодда вазиятлар вазири тавсияномасига асосан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясининг бакалавриат йўналишига ўқишга киришда ўзлари тўплаган балларнинг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл бериш;
– кўнгилли қутқарувчиларга “маҳалла еттилиги” тавсияномасига асосан ҳудудий қутқарув тузилмаларида қутқарувчи лавозимига ишга қабул қилиш бўйича танловда белгиланган тартибда устуворлик бериш.
Академияга ўқишга киришда қўшимча балл бериш учун тавсиянома Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ташкил этиладиган танловда ғолиб бўлган волонтёрларга берилади.
Танлов 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган волонтёрлар иштирокида ўтказилади.
Волонтёрларнинг фаолияти туман (шаҳар), вилоят ва республика даражасида қуйидаги мезонлар асосида тўпланган баллар орқали баҳоланади:
– “маҳаллабай” тамойили асосида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича амалга оширган ишлари;
– фавқулодда вазиятларда қидирув-қутқарув ишларидаги иштироки;
– фавқулодда вазиятлар зонасида аҳолига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва эвакуация тадбирларидаги иштироки ва бошқалар.
Баҳолаш натижаларига кўра ҳар бир ҳудуддан 1 нафардан жами 14 нафар волонтёрга тавсиянома берилади.
Тавсиянома 1 ўқув йили учун амал қилади.
ЎзА