Қаровсиз спорт иншооти фойдаланишга топширилди
Сайхунобод туманининг Дўстлик маҳалласида қарийб 40 йил давомида қаровсиз ҳолда ётган спорт иншооти қисқа муддат ичида тубдан қайта реконструкция қилиниб, яна халқ хизматига қайтарилди. Ушбу хайрли ташаббус вилоят прокуратураси раҳбарлигида илгари сурилиб, сайхунободлик саховатли тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари ҳомийлигида амалга оширилди.
Маълумки, сўнгги йилларда юртимизда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спорт инфратузилмасини кенгайтириш ва замонавий спорт иншоотларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дўстлик маҳалласидаги мазкур иншоотнинг қайта тикланиши ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлди.

Спорт иншоотини замонавий жиҳозлаш, уни барча зарур анжомлар билан таъминлаш ҳамда спортсевар ёшлар учун қулай ва хавфсиз шароит яратиш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан 140 миллион сўм маблағ ажратилди. Натижада мажмуада кураш, бокс, умумжисмоний тайёргарлик ҳамда спортнинг бошқа турлари билан шуғулланиш имконияти яратилди.
Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, вилоят прокурори Савид Иматов, туман ҳокими, спорт бошқармаси ва вилоят маҳаллалар уюшмаси раҳбарлари, нуронийлар, маҳалла фаоллари ҳамда спортсевар ёшлар иштирок этди. Сўзга чиққанлар мазкур иншоотнинг қайта фойдаланишга топширилиши нафақат бир маҳалла, балки бутун туман аҳли учун муҳим воқеа эканини алоҳида таъкидладилар.

Тадбирда қайд этилганидек, янгидан барпо этилган спорт маскани ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, жисмонан соғлом ва маънан баркамол авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, бу ерда машғулот олиб бораётган ёшлар орасидан келгусида вилоят, республика ва халқаро майдонларда юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган чемпионлар етишиб чиқишига замин яратилади.
Шу куннинг ўзидаёқ янги мажмуада вилоят прокурори кубоги учун спорт мусобақаларига старт берилди. Бу мусобақалар ёш спортчилар ўртасида рақобат муҳитини кучайтириш, уларнинг маҳорат ва салоҳиятини намоён этишга хизмат қилди. Байрамона руҳда ўтган тадбир маҳалла аҳли, айниқса ёшлар учун унутилмас онларга бой бўлди.

– Бу иншоот биз учун кўп йиллик орзу эди. Яратилган шароитлар ёшларимизнинг спортга бўлган қизиқишини янада оширади, уларга катта илҳом бағишлайди. Бундай эътибор ва ғамхўрлик, албатта, давлатимиз раҳбарининг спорт соҳасига, айниқса, ёшлар тарбиясига қаратаётган юксак эътибори самарасидир, – деди спорт мактаби директори Аброр Хаитов.

Нуронийлар томонидан юрт тинчлиги, мамлакатимиз тараққиёти ва фаровонлиги, ёш спортчиларнинг муваффақиятлари учун қилинган дуолар тадбирга янада файз бағишлади. Туман маданият ва санъат аҳли томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар эса байрамга алоҳида шукуҳ қўшди.
Ғулом Примов, ЎзА