Владивосток регатасида спортчиларимиз учта медални қўлга киритди
Спортчиларимиз Владивосток регатасини бир олтин, бир кумуш ва бир бронза медаль билан якунлади.
Россиянинг Владивосток шаҳрида V халқаро Владивосток регатаси бўлиб ўтди. Унда Россия, Ўзбекистон, Арманистон, Қозоғистон, Хитой ва Қирғизистондан спортчилар иштирок этди.
Мусобақа дастуридан соҳил бўйи эшкак эшиш бўйича яккалик, жуфтлик ва тўрт кишилик баҳслар ўрин олди.
Ўзбекистон терма жамоасининг ёш академик эшкак эшувчилари ҳам халқаро регатада муносиб иштирок этиб, учта медални қўлга киритди.
Жумладан, W1x дастурида Басима Сатторова олтин медалга сазовор бўлди. C-2 Mix баҳсида Басима Сатторова ва Савлат Мусаев жуфтлиги иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, C-4 Mix йўналишида Басима Сатторова, Ўғилой Сатторова, Савлат Мусаев ва Рамиз Мустафаевдан иборат жамоа бронза медалини қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА