Ветеринария назорати механизмлари кучайтирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Давлат ветеринария назорати такомиллаштирилиши муносабати билан “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан ветеринария соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни янада такомиллаштириш, ветеринария назорати механизмларини кучайтириш, масъул давлат органлари ваколатларини аниқ белгилаш ва масъулиятини янада ошириш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ҳайвонлар касалликларининг олдини олиш, уларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, ветеринария хизматлари сифатини оширишга қаратилган қатор нормалар киритилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ветеринария соҳасини янада ривожлантириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилади. Шунингдек, киритилаётган нормалар миллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиради.
Муҳокамаларда фракция раҳбари А.Ҳамзаев қонун лойиҳасининг долзарблигини алоҳида таъкидлади:
— Ветеринария соҳасида “тиббиёт инсонларни даволаса, ветеринария бутун инсониятни даволайди”, деган атама бор. Бу бежиз эмас. Чунки ҳайвонлардан инсонларга юқиши мумкин бўлган кўплаб касалликлар бор. Уларни вақтида даволаш, олдини олиш инсонлар саломатлигини асрашда ҳам муҳим. Шунингдек, ҳайвонларни тез етилтириш, семиртириш учун қўлланиладиган биологик қўшимчалар ҳайвон гўшт ва маҳсулотлари орқали инсонга ҳам таъсир қилар экан. Шу боис, лойиҳани такомиллаштириш давомида бундай қўшимчаларнинг кириб келиши ва фойдаланилишини назорат қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратишимиз керак.
Қизғин муҳокамалар давомида ветеринария хизматлари сифатини ошириш, ветеринария-санитария хавфсизлигини таъминлашда қонун лойиҳасининг аҳамияти муҳимлиги таъкидланиб, қўллаб-қувватланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА