Вазир ва ёшлар учрашуви
Мамлакатимизда йўлга қўйилган раҳбар ва ёшлар мулоқоти таълимнинг барча босқичларида тизимли равишда амалга ошириб келинмоқда.
Ёшлар билан ўтказилаётган анъанавий мулоқот тадбирлари бугун пойтахтимиздаги 64-умумтаълим мактабида ташкил этилди.

Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова ўқувчилар билан мулоқот қилди.
Тошкент шаҳридаги турли умумтаълим мактаблари ҳамда Президент ва ижод мактаблари ўқувчи-ёшлари иштирокида ташкил этилган “Вазир ва ёшлар” учрашуви қизғин муҳокамаларга бой ўтди.

Учрашувда ўқувчилар томонидан билдирилган таклифлар эса иштирокчилар қувончига сабаб бўлди. Негаки, улар китобхонлик маданиятини янада ривожлантириш ҳамда автобус бекатларида кўча кутубхоналари жамланмасини яратиш, ўқувчилар ўртасида ҳам “Миллий қадриятлар” танловини доимий ўтказиш, пойтахтимиздаги мавжуд ўқув марказлари базасини шакллантириш бўйича ёшлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ўқувчилар ўртасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш мақсадида турли танлов ва лойиҳалар сонини ошириб бориш каби қатор таклиф ва мулоҳазаларни илгари сурди.
Вазир мазкур таклифларни ҳар томонлама ўрганиш ва амалиётга жорий этиш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича масъулларга зарур топшириқлар берди.
Шербек Исломов, ЎзА