Бир ерда ҳам деҳқончилик қилиш, ҳам қуёш панеллари орқали энергия олиш мумкин (+видео)
Президент ташрифидан сўнг...
Агровольтаика – бу ердан бир вақтнинг ўзида ҳам деҳқончилик, ҳам қуёш энергияси олиш имконини берувчи инновацион тизимдир
Президентимиз томонидан 2024 йил 2 октябрда “Саноатлашган боғ ва токзорларни барпо қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзоланди. Фармон ижроси доирасида 2025 йилда Фарғона вилояти Қува туманида агровольтаика усулида узумчилик боғи, чорва ҳамда балиқчилик комплекси ташкил этилди.
Бу ерда “Аватар” навли узумлар экилган, тепа қисмида қуёш панеллари ўрнатилган. Яъни, қуёш панеллари орқали энергия олинади ва унинг остида узумлар етишиб чиқади. Яна бир муҳим жиҳати, бу ерда узумлар остига ҳам экинлар экилган. Ҳудудда шунингдек, балиқ етиштириш ҳам йўлга қўйилган бўлиб, балиқ ўғитлари билан бойитилган сув мазкур боғни суғоришда ишлатилади.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 27 апрель куни Фарғона вилоятига ташрифи доирасида бу ерда ҳам бўлиб, мазкур боғ фаолияти билан танишган эди.
– Ўтган йили Боғдорчилик ассоциацияси билан ҳамкорликда боғ ташкил қилганмиз. Ҳозир 5 МВт.лик электрстанциямиз бор, қуёш панелларидан фойдаланиб, электр энергия ишлаб чиқаряпмиз, – дейди “AOK garden” МЧЖ раҳбари Хуршид Саидов. – Ўзимизнинг асосий истеъмолимиз ҳозирги кунда 2 МВт.ни ташкил қилмоқда. Томчилаб суғориш тизими, қорамолчилик, балиқчилик ва сувни икки марта ишлатишни ҳам йўлга қўйганмиз. Яъни, сувда балиқ етиштирилади, ундан чиққан сув ўғитлар билан бойитилган ҳолатда, экин далаларини суғоришга сарфланади. Шу қаторда қорамолчилик, майда молларни боқишни ҳам йўлга қўйганмиз. Президентимизнинг ёшларга, тадбиркорларга берилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, қуёш панеллари, томчилаб суғориш ва қудуқлар учун 5 миллиарддан ортиқ субсидия олдик.
Шулар асосида ҳозирги кунда 47 гектар узум боғини ташкил қилиб, 120 минг туп кўчат экканмиз. 2027 йилдан бошлаб 3 минг тонна ҳосил олиш режалаштирилган. Ушбу ҳосилдан 300 тонна майиз олиб, ўртача 8-10 миллион доллар атрофида экспорт қилишни мақсад қилганмиз.
Бундан ташқари, гўшт маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиб, Ўзбекистон бозорларида озиқ-овқат эркинлиги ва нархларни паст ушлаб туришга имкон қадар ҳисса қўшамиз.
Шу билан бирга, Президентимизнинг топшириқларига биноан, маҳаллий ҳокимиятлар кўмагида, 40 гектар ерни ўзлаштириш ҳисобига паррандачилик, қайта тикланувчи энергия тизимлари, қўшимча боғдорчилик ташкил қилиш ва узум боғларини кенгайтиришни режа қилганмиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/haXRMo67MLo" title="Bir yerda ham dehqonchilik, ham quyosh panellari orqali energiya" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдулазиз РУСТАМОВ, Ёқуб МЕЛИБОЕВ (видео), ЎзА