Ватанга садоқат қасами
Бухоро шаҳрининг тарихий ва муқаддас масканларидан Арк қўрғони олдида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Бухоро вилояти бошқармасига муддатли ҳарбий хизматга қабул қилинган ёшлар иштирокида “Ватанга қасамёд” тантанали маросими юқори савияда ўтказилди.
Маросим тантанали марш садолари остида жанговар байроқнинг майдонга олиб кирилиши билан бошланди. Шундан сўнг саф тортган ёш ҳарбий хизматчилар она Ватанимиз сарҳадларини, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини сўнгги нафаси қолгунича ҳимоя қилишга қасамёд қилди.

Ҳар бир ёш аскар халқ тинчлиги ва мамлакат хавфсизлигини таъминлашдек шарафли вазифани сидқидилдан адо этишга тайёр эканини намоён этди. Тадбир давомида уларга Миллий гвардия қўмондонининг табриги ўқиб эшиттирилди ҳамда махсус Президент совғалари топширилди.

Тадбирнинг яна бир ёрқин қисми сифатида Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳамда сафга яқинда қўшилган ёш аскарлар томонидан қурол билан кўргазмали чиқишлар, саф тайёргарлиги ва қўл жанги бўйича мураккаб элементлар намойиш этилди. Уларнинг маҳорати йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Тантана куй-қўшиқлар, дилбар рақслар ва байрамона чиқишлар билан давом этди. Бу эса тадбирга янада кўтаринки руҳ ва файз бағишлади.

Арк қўрғони бағрида ўтказилган ушбу маросим ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларни эл-юртга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.