Муқаддас бурч
Навоий вилояти Учқудуқ туманида жойлашган ҳарбий қисмда бир гуруҳ ёшлар Ватанимизни ишончли ҳимоя қилишга, унинг содиқ ва фидойи фарзанди бўлишга тантанали равишда қасамёд қилди.
Янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчилар, уларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган Ватанга қасамёд қабул қилиш маросимида сўзга чиққанлар юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек шарафли ва масъулиятли вазифани бажаришга бел боғлаган ёш аскарлар ҳамда уларнинг яқинларини самимий муборакбод этди.

Шундан сўнг ёш аскарлар Ўзбекистон халқига ва Президентига садоқатли бўлишга, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларини сўзсиз ва виждонан бажаришга, халқ ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга тантанали равишда ваъда берди.

– Ҳар қандай давлатнинг мустақиллиги, унда истиқомат қилаётган аҳолининг эрки, тинч-тотув ҳаёт кечириши унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари томонидан ҳимоя қилинади, – дейди Қашқадарё вилояти, Косон туманидан келган Нилуфар Ҳасанова. – Бугунги Армиямиз эса мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, унинг сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашга қодир. Ҳарбий мажбуриятни ўташ эса ҳар бир йигит-қиз учун катта шараф. Ўғлим Мақсудбек Аҳмадов ҳам бугун ўз йигитлик бурчини шараф билан бажариш, Ватанимизга содиқ фарзанд бўлишга тантанали қасамёд қилди. Ҳар бир ота-она учун ўз фарзандининг Ватан ҳимоячиси деган номга эга бўлиши энг катта бахт саналади. Бугун шу бахтни юракдан ҳис қилдим.

Тадбир давомида Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янграб, саҳна кўринишлари намойиш этилди. Айниқса, буюк аждодларимиз – Амир Темур, Абдулла Қодирий, Чўлпон ва Мунавварқори Абдурашидхонов сиймосининг саҳнада гавдалантирилиши ёшларнинг жасорати ва фидойилигини янада оширишга хизмат қилди, десак муболаға бўлмайди.

Албатта, бугунги ислоҳотлар нафақат иқтисодий ёки сиёсий соҳаларни, балки жамият маънавиятини юксалтиришни ҳам қамраб олмоқда. Зеро, кучли армия, аввало, юксак маънавиятли, ватанпарвар ва фидойи ёшларга таянади.
Ватанга садоқат руҳида тарбияланган ёшлар эса Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг энг мустаҳкам таянчидир.
А. Бўриев, ЎзА мухбири