Ватан довруғини жаҳон узра достон этган Жавоҳир
Нияти холиснинг истаги ижобат бўлади. Дарҳақиқат шундай. Мамлакатимизнинг олов қалб ёшлари ўтаётган йилнинг ортда қолган деярли тўрт ойи давомида ўнлаб халқаро турнир ва чемпионатларда муносиб натижаларга эришди.
Ватанимиз байроғи бешта қитъанинг ўнлаб давлатларида ташкил этилган нуфузли мусобақаларда спортчиларимизнинг ғалабаси шарафига юксалиб, мадҳиямиз баралла янгради.
Улар орасида куни кеча Кипрда поёнига етган “ФИДE Номзодлар турнири – 2026”да ҳамюртимиз, енгилмас шахматчимиз Жавоҳир Синдоровнинг рекорд кўрсаткичлар қайд этган ҳолда ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган онлар халқимизга ўзгача руҳий кайфият бағишлаши билан бирга дунёга янги Ўзбекистон имкониятлари не чоғли кенглигини яна бир карра намойиш этди.
Эътиборли жиҳати, Номзодлар турнири тақдирлаш маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Жавоҳир Синдоров билан ўтказган мулоқоти бутун дунёга намойиш этилганлиги Халқаро шахмат федерацияси ижроия қўмитаси аъзоларининг, нуфузли турнир ташкилотчиларининг, Кипр давлати раҳбарларининг, халқаро ҳамжамиятнинг давлатимиз раҳбарига, Ватанимизга чексиз ҳурмати ифодаси бўлди.
[gallery-28817]
Пойтахтимизда янгидан барпо этилган “Тошкент-Ҳумо” халқаро аэропортида Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдоровни тантанали кутиб олиш маросимида иштирок этган давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, спорт соҳаси мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари, шахмат мухлислари шу ҳақда фикр билдиришди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, спорт вазири Адҳам Икрамов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, спортчининг яқинлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тантанали маросимда Давлат мадҳияси янгради. Бош вазир Абдулла Арипов томонидан Жавоҳир Синдоровни "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирлаш тўғрисида Президент фармони ўқиб эшиттирилди.
Синдоровнинг ғалабаси замирида юртимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, ёшлар тарбиясига, уларнинг ўз имкониятларини рўёбга чиқаришга берилаётган алоҳида эътибор, ғамхўрлик мужассамлиги қайд этилди.
Мамлакатимизда шахматни кенг тарғиб қилиш, ёш авлоднинг интеллектуал билимини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, юқори иқтидорга эга спортчиларни гроссмейстерлар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан 2021 ва 2022 йиллар давомида қабул қилинган қарорлар, юқори рейтингга эга шахматчиларни тайёрлаш тизимини яратди. Кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ютуқларимиз йилдан-йилга ортишига омил яратди.
Натижада 2022, 2024 йилги Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида, 2025 йилги жаҳон кубоги, турли ёш тоифаларидаги дунё биринчиликларида, халқаро турнирлардаги кўрсаткичларимиз янада яхшиланди.
Жонажон Ватанимиз шарафини халқаро майдонда муносиб ҳимоя қилган Ж.Синдоровни кутиб олиш тадбирида иштирок этган Ўзбекистон халқ санъаткорлари, таниқли шоирлар, спортчи ва мураббийлар ушбу натижа мамлакатимиз шахмат тарихидаги муҳим ютуқлардан бири эканлигини эътироф этишди.
Тадбирда сўз олган Жавоҳир Синдоров, унинг бувиси Жамила Синдорова, таниқли шоир Қўчқор Норқобил Кипрда эришилган тарихий натижа давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли изчил сиёсатнинг маҳсули эканлигини таъкидлашди. Қолаверса, ушбу ғалаба жорий йилнинг октябрь ойида Самарқандда ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида, йил сўнгида Жаҳон шахмат тожи учун кечадиган чемпионлик мусобақаларида муваффақиятга эришишга муносиб руҳий қувват бағишлашини билдиришди.
Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА мухбири