Мавсум олдидан йиғилиш ўтказилди
Янги мавсум олдидан футбол ҳаёти яна қизғин паллага кирмоқда. Биринчи лига 2-тури доирасида "Гулистон" жамоаси “Янгиер” марказий ўйингоҳида "Аҳмедов ФА" жамоасига қарши баҳс олиб боради. Ушбу учрашув “Гулистон” учун янги мавсумдаги уйдаги илк расмий ўйин сифатида катта аҳамият касб этмоқда.
Мазкур баҳс олдидан ўйинни юқори савияда ташкил этиш, мухлислар учун муносиб муҳит яратиш ҳамда стадион тайёргарлигини таъминлаш мақсадида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Гулистон клуби президенти Ойбек Ашурматов, Янгиер шаҳри шаҳар ҳокими Отабек Носиров, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Буронов, вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти Рустам Қодиров ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Йиғилиш давомида ўйинни ташкил этиш билан боғлиқ барча ташкилий масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, стадион инфратузилмасини тайёрлаш, хавфсизлик чораларини кучайтириш, жамоат тартибини таъминлаш, тиббий хизмат ва мухлислар учун қулай шароитлар яратиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Шу билан бирга, учрашувни юқори кайфият ва кўтаринки руҳда ўтказиш, мухлислар учун ҳақиқий футбол байрамини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Муҳими, янги мавсумдан умидимиз катта. Ўтган мавсумда эришилган натижалар, шунингдек, ўйинлар жараёнида йўл қўйилган техник хато ва камчиликлар чуқур таҳлил қилиниб, улардан тегишли хулосалар чиқарилди. Жамоа тайёргарлик ишлари янги талаблар асосида янада кучайтирилди. Бугунги кунда барча саъй-ҳаракатлар Гулистон жамоасининг янги мавсумда юқори натижалар қайд этиши, ўйин сифати ва жамоавий ҳаракатни янада яхшилашига қаратилган. Шу билан бирга, жамоа ўйинчилари, мураббийлар штаби ва ташкилотчилар учун ҳам, энг муҳими, Сирдарё вилоятининг кўп минг сонли футбол мухлислари учун ҳам мавсум омадли бўлишини истаймиз. Бугун ўтказилган муҳокама йиғилишида айнан шу масалалар — тайёргарлик жараёни, инфратузилма, ташкилотчилик ва ўйин сифатини ошириш билан боғлиқ вазифалар эътибор марказида бўлди, – дейди вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти.
Рустам Қодиров.

Мутасаддилар таъкидлашича, янги мавсумнинг илк уй учрашуви нафақат спорт натижаси, балки ташкилотчилик маданияти билан ҳам намуна бўлиши керак. Шу мақсадда стадионда мухлислар учун турли маданий-оммавий ва кўнгилочар дастурлар ҳам режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, “Гулистон” – “Аҳмедов ФА” учрашуви 19 апрель куни соат 16:30 да старт олади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири