Варахша — тарихимизнинг бетакрор мероси
Бухоро вилоятининг Жондор тумани ҳудудида жойлашган Варахша археологик ёдгорлиги мамлакатимиз маданий меросининг энг нодир ва қимматли намуналаридан бири ҳисобланади. Асрлар давомида ўз бағрида бой тарихни сақлаб келаётган мазкур обида нафақат Бухоро воҳасининг, балки бутун Ўзбекистон цивилизацияси ва давлатчилиги тарихини ўрганишда муҳим манба сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Бугунги кунда бундай ноёб мерос объектларини асраб-авайлаш, уларни илмий жиҳатдан тадқиқ этиш ва келажак авлодларга безавол етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Ширинов Бухоро вилояти Жондор туманида жойлашган Варахша археологик тепалигида бўлиб, мазкур моддий маданий мерос объектининг бугунги ҳолатини ўрганди.

Ўрганиш давомида ёдгорликни сақлаш, муҳофаза қилиш ва унинг тарихий қийматини келажак авлодларга етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди. Шунингдек, объект ҳудудидаги инфратузилма ҳолати, ташриф буюрувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, туристлар оқимини янада кўпайтириш имкониятлари ҳамда маданий мерос объектини асраш билан боғлиқ мавжуд муаммо ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.

Мутахассислар таъкидлаганидек, Варахша қадимги Бухоро ҳукмдорларининг қароргоҳларидан бири сифатида тарихда муҳим ўрин тутади. Археологик қазишмалар натижасида аниқланган ноёб деворий суратлар, меъморий қолдиқлар мазкур ҳудуднинг ўтмишда юксак маданият ва тараққиёт марказларидан бири бўлганини тасдиқлайди. Шу боис ёдгорликни муҳофаза қилиш, унинг илмий тадқиқотларини кенгайтириш ва туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Ўрганишлар якунида масъул ташкилотлар ва мутасаддилар иштирокида объектда аниқланган муаммоларни бартараф этиш, муҳофаза чораларини янада кучайтириш, инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда Варахшанинг тарихий ва туристик жозибадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Маданий мерос объектларини асраш ва уларни келажак авлодларга етказиш халқимизнинг тарихий хотираси, миллий ўзлиги ва маънавий қадриятларини сақлаб қолишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Варахша каби ноёб археологик ёдгорликларни муҳофаза қилиш, уларни илмий ўрганиш ва кенг жамоатчиликка танитиш борасидаги ишлар мамлакатимизнинг бой тарихий меросини дунёга намоён этишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири