Давлат мукофотлари топширилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини ривожлантириш, миллий маънавиятимизни бойитиш, халқимизнинг маданий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, бой тарихий-маданий асраб-авайлаш ҳамда Янги Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш йўлидаги самарали меҳнатлари учун бир гуруҳ маданият, санъат ва адабиёт намояндалари давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Улар орасида Сирдарё вилоятида маданият ва санъат соҳасида фаолият юритаётган бир қатор фидойи инсонлар ҳам борлиги вилоят аҳлининг ҳақли ифтихорига айланди. Шу муносабат билан Сирдарё вилояти ҳокимлигида давлат мукофотларини топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, мукофот соҳибларини самимий қутлади. У ўз сўзида мамлакатимизда маданият ва санъат аҳлига қаратилаётган юксак эътибор, ижодкорлар меҳнатининг муносиб қадрланаётгани Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш сиёсати амалдаги ифодасини топаётганини таъкидлади.
Президент Фармонига кўра, Мирзаобод тумани маданият бўлими қошидаги “Дилрабо” болалар ашула ва рақс ансамблининг бадиий раҳбари Набижон Ҳакимов “Дўстлик” ордени, Сирдарё вилояти мусиқали драма театри бош режиссёри Нигора Ғойибназарова эса “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Бу юксак мукофотлар соҳа вакилларининг кўп йиллик ҳалол меҳнати, ижодий изланишлари ва халқ маънавиятини юксалтириш йўлидаги хизматларига берилган муносиб баҳодир.
Айниқса, Набижон Ҳакимовнинг маданият соҳасидаги фаолияти алоҳида эътирофга лойиқ. У узоқ йиллардан буён ёш авлод қалбига миллий қўшиқ ва рақс санъатига муҳаббат уйғотиб келаётган жонкуяр маданият ходимларидан бири ҳисобланади. У раҳбарлик қилаётган “Дилрабо” болалар ашула ва рақс ансамбли юзлаб истеъдодли ёшларни тарбиялаб, уларнинг санъат оламида ўз ўрнини топишига хизмат қилди. Ансамбл аъзоларининг турли республика ва халқаро танловлардаги муваффақиятлари ҳам ана шу меҳнатнинг самарасидир.

Набижон Ҳакимов ижодкор сифатида ҳам кенг жамоатчиликка яхши таниш. Унинг “Алёр”, “Фидо”, “Санъатим — саодатим”, “Маданиятга назар” каби китоблари маданият ва санъат соҳасидаги бой тажрибаси, ҳаётий кузатувлари ва маънавий қарашларини акс эттириши билан аҳамиятлидир. Бу асарлар миллий қадриятларимиз ва маданиятимизни тарғиб қилишда муҳим манба бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Сирдарё вилояти мусиқали драма театри бош режиссёри Нигора Ғойибназарованинг ҳам театр санъатини ривожлантириш, саҳна асарларининг бадиий савиясини ошириш ва томошабинлар қалбидан жой олган спектаклларни саҳналаштириш борасидаги хизматлари муносиб эътироф этилди. Унинг ижодий фаолияти вилоят театр санъатининг ривожига сезиларли ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Тантанали маросимда маданият ва санъат соҳаси вакиллари, ижодкорлар ҳамда жамоатчилик фаоллари ҳам иштирок этишди. Сўзга чиққанлар мукофот соҳибларини табриклаб, уларнинг келгусида ҳам миллий маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш йўлида янги ютуқларга эришишлари учун тилак билдиришди.
Ғулом Примов, ЎзА