“UzHack” – глобал майдонда ўзбекистонлик ёшлар кучини намоён этган платформа
Ҳозирги кунда технология ва инновациялар мамлакат ривожининг асосий тараққиёт омилига айланган бир пайтда, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласига устувор йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда. Айнан шу нуқтаи назардан, Латвияда ташкил этилган “UzHack” халқаро технологик хакатони ўзбекистонлик ёшларнинг халқаро майдондаги илк йирик ташаббусларидан бири сифатида алоҳида эътиборга лойиқ.
Мазкур хакатон хорижда истиқомат қилаётган ватандош ёшлар билан тизимли ишлаш, уларни бирлаштириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим тадбир бўлди.

“UzHack”нинг асосий аҳамияти шундаки, у Болтиқбўйи давлатларида таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган ўзбекистонлик ёшларни ягона платформада жамлашга муваффақ бўлди. Шу маънода, “UzHack” келажакдаги халқаро ҳамкорликлар учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.
Тадбир “Ватандошлар” жамоат фонди ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилгани, шунингдек Латвия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан қўллаб-қувватлангани унинг халқаро миқёсдаги аҳамиятини янада оширди.

Хакатон доирасида иштирокчилар фақат назарий ғоялар билан чекланиб қолмай, балки реал муаммолар асосида ишлаб чиқилган масалалар устида ишлади. Ўзбекистон Марказий банки, Рақамли технологиялар вазирлиги, “Uzinfocom” ҳамда Миллий банк томонидан тақдим этилган топшириқлар ёшларнинг амалий фикрлашини ривожлантиришга хизмат қилди.

48 соат давом этган интенсив жараён иштирокчилардан нафақат билим, балки жамоавий ишлаш, тезкор қарор қабул қилиш ва креатив ёндашувни ҳам талаб қилди. Хакатонда 70 нафардан ортиқ иштирокчи 20 та жамоа таркибида қатнашиб, юқори даражадаги рақобат муҳитини шакллантирди. Ғолиб жамоаларнинг аниқланиши нафақат уларнинг техник салоҳияти, балки ғояларнинг долзарблиги ва амалий қиймати асосида баҳоланганини кўрсатади.


“UzHack”нинг энг муҳим жиҳатларидан бири, ўзбекистонлик ёшларни глобал инновацион муҳитга мослаштиришга хизмат қилганидадир. Халқаро хакатонлар бугунги кунда нафақат янги технологиялар яратиладиган майдон, балки тажриба алмашиш ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун муҳим восита ҳисобланади. Мазкур тадбир орқали ёшлар турли мамлакатларда фаолият юритаётган мутахассислар билан бевосита мулоқот қилиш, ўз билим ва кўникмаларини синовдан ўтказиш ҳамда халқаро стандартларга мослашиш имкониятига эга бўлди.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА