Сунъий интеллект — журналистнинг рақибими ёки ҳамроҳи?
Ҳаётимиз шу қадар тараққийлашиб бормоқдаки, эндиликда ахборот нафақат билим манбаи, балки жамиятнинг шаклланишини белгиловчи қудратли стратегик воситага айланиб бормоқда.
Айниқса, технологик тараққиёт шиддат билан одимлашиши бошқа соҳалар каби анъанавий журналистикага ҳам таъсир кўрсатмоқда. Аслида-чи, сунъий интеллект тақдим этаётган “ижодий намуналар” журналистларнинг ўрнини қай даражада боса олади?
Умуман олганда ҳар қандай технологиялар сингари, сунъий интеллект ҳам инсоният оғирини енгил қилиш учун яратилган. Унга қарам бўлиб қолиш учун эмас. Филология фанлари доктори, таниқли журналист ва таржимон Беруний Алимовнинг “Журналистикада сунъий интеллект даври” китоби айнан ана шу эҳтиёжнинг маҳсули сифатида майдонга чиқди. Китоб тақдимотига бағишланган тадбир Ўзбекистон журналистлар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги ва “Ёшлар овози” газетаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
[gallery-29054]
Мазкур асар шунчаки илмий изланишлар тўплами эмас, балки замонавий медиа оламининг “йўл харитаси”дир. Китобда сунъий интеллектнинг журналистикага кириб келиши таҳлилий ва танқидий руҳ орқали ёритилган.
Сунъий интеллект томонидан яратилган материалларнинг ҳуқуқий мақоми, плагиат ва интеллектуал мулк ҳимояси бугунги куннинг энг оғриқли нуқталари. Беруний Алимов ушбу китобида мавжуд муаммоларни халқаро тажриба ва миллий қадриятлар уйғунлигида тадқиқ этади. Фейк хабарлар ва манипуляция авж олган даврда, сунъий интеллект воситалари ёрдамида ҳақиқий материални сохтасидан ажрата олиш усуллари китобнинг қийматини янада оширади.
Ушбу китобда журналист касбининг келажаги ҳақидаги хавотирларга мантиқий жавоб берилган — технология журналистни ишдан бўшатмайди, балки технологияни эгаллаган журналист ўз ҳамкасбларидан ўзиб кетади. Бунда сунъий интеллектга қойилмақом равишда ёзилган “промпт” назарда тутилмайди, балки ўзбек медиа маконида интеллектуал уйғониш кераклиги уқтирилади.
Зеро, технологиялар қанчалик мукаммал бўлмасин, журналистиканинг асоси виждон, масъулият ва инсоний тафаккур бўлиб қолаверади. Ушбу китоб эса ана шу инсоний қадриятларни рақамли дунё билан қандай қилиб муваффақиятли боғлаш мумкинлигини кўрсатиб берувчи маёқдир.
Дилдора ДЎСМАТОВА, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА