Уйчида пилла ҳосилини йиғиб олиш ишлари жадал кетмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Уйчи туманида пилла терими мавсуми қизғин паллага кириб, етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
Жорий йилда туманда 3 970 қути ипак қуртидан 238 тонна пилла ҳосили етиштириш режалаштирилган. Айни пайтда 1 500 хонадонда ипак қурти парвариш қилиниб, пилла терими жараёнлари тизимли ташкил этилган.
Пиллачилик билан шуғулланаётган фермерлар ва аҳоли вакиллари томонидан ҳосилни сифатли йиғиб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туманда соҳада меҳнат қилаётган оилалар учун зарур шарт-шароитлар яратилган бўлиб, аҳолини қўллаб-қувватлаш чоралари изчил амалга оширилмоқда.
Мутасадди ташкилотлар томонидан пиллани қабул қилиш, саралаш ва топшириш жараёнлари аниқ режа асосида ташкил этилган. Айниқса, хонадонбай иш услубининг йўлга қўйилгани кўплаб оилаларнинг даромад манбаини ошириш ва иқтисодий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
[gallery-29588]
Маълумотларга кўра, мавсум давомида 1 800 нафар аҳолининг бандлиги таъминланган. Ҳозирга қадар туман бўйича 65 тонна пилла ҳосили топширилди.
Айни кунларда пилла терими ишларини ўз вақтида ва сифатли якунлаш, белгиланган режа кўрсаткичларини ортиғи билан бажариш юзасидан амалий ишлар давом эттирилмоқда.
Ҳотам МАМАДЛИЕВ (сурат), ЎзА