Шерободда хатлов ишлари ва мулк ҳуқуқларини расмийлаштириш давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти Шеробод тумани Олтин воҳа маҳалласида Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш мақсадида хатлов ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда.
Жараёнда Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармалари Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассислари маҳалла еттилиги вакиллари, фаоллар ва аҳоли билан учрашувлар ўтказди. Учрашувларда фуқароларга қонуннинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилиб, ер ва мулк ҳуқуқларини қонуний расмийлаштириш бўйича амалий тавсиялар берилди. Шунингдек, аҳолининг саволларига батафсил жавоб қайтарилиб, ҳуқуқий саводхонликни оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, ҳудудда хатлов ишлари малакали мутахассислар иштирокида амалга оширилиб, фуқароларга тартиб, босқичлар ҳамда зарур ҳужжатлар юзасидан тушунтиришлар берилмоқда.
Ҳозирги кунда Шеробод туманида 48 та маҳалла мавжуд бўлиб, Кадастр агентлиги тасдиқлаган режа-жадвалга мувофиқ жорий йилда 9 та маҳаллада хатлов ишлари ўтказилиши белгиланган. Жараёнларга 8 нафар малакали мутахассис жалб этилган.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотлар бўйича ўтказилган хатлов натижаларига кўра, ҳозирга қадар туманда жами 7 600 та объект тўлиқ хатловдан ўтказилди, шундан 2 100 таси “Эътироф” ахборот тизимига киритилган.
[gallery-29572]
Мазкур ишлар фуқаролар мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ер ва иншоотларни қонунийлаштириш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишга хизмат қилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА