Устюртда 5 та қудуқни бурғилаш орқали янги захиралар ўрганилмоқда
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти Бошқарув раиси Абдуғани Сангинов бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг ўрганишлари Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани ҳудудида жойлашган “Қизилжар” ва “Шағирлик” конларида бурғиланаётган 5 та қудуқда давом эттирилди.
Акциядорлик жамият Ахборот хизматининг маълум қилишича, лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад — янги углеводород захираларини аниқлаш, истиқболли қатламларни ўрганиш ва мамлакат энергия таъминоти барқарорлигини мустаҳкамлашдан иборат.
Бошқарув раиси мазкур майдонларда амалга оширилаётган ишлар билан жойида танишиб, бурғилаш жараёнлари, иш суръати, техник хавфсизлик талабларига риоя этилиши ва белгиланган режалар ижросини кўриб чиқди.

Қайд этиш жоизки, жорий йил апрель ойидан бошлаб Устюрт ҳудудидаги “Қизилжар” ва “Шағирлик” майдонларида чуқур бурғилаш ишлари изчил йўлга қўйилиб, қисқа муддат ичида уларнинг қамрови сезиларли даражада кенгайтирилди.
Бугунги кунда ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган бешта қудуқнинг айримлари лойиҳавий чуқурликка яқинлашмоқда, янги бошланганларида эса режалаштирилган вазифалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Ишлар “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” масъулияти чекланган жамияти ҳамда Хитойнинг “CNPC Xibu Drilling Engineering Company Ltd” компанияси томонидан бажарилмоқда. Шу билан бирга, Бошқарув раисининг топшириғи билан хорижий компаниянинг илғор тажрибасини амалиётда ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, айни пайтда юқори курсларда таҳсил олаётган 4 нафар талаба Хитой компанияси мутахассислари билан бирга иш жараёнларида иштирок этиб, замонавий бурғилаш технологиялари ва ишлаш усулларини бевосита амалиётда ўзлаштирмоқда.
Бошқарув раиси чуқур қудуқларда иш олиб бориш юқори технологик ёндашув, аниқ ҳисоб-китоб ва катта тажрибани талаб этишини таъкидлади. Қатламларни пухта ўрганиш орқали янги углеводород захираларини аниқлаш имкониятларини кенгайтириш муҳим эканини қайд этди. Масъулларга эса техника имкониятларидан самарали фойдаланиш, жараёнларда асоссиз тўхталишларга йўл қўймаслик ҳамда белгиланган вазифаларни муддатида ва сифатли бажариш бўйича тегишли топшириқ берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири